Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ҳамда тумандаги 35-сонли ДМТТ директори ўртасида содир бўлган кўнгилсиз ҳолат акс этган видео тарқалди.
Аввалроқ, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, қонунда белгиланган тартибда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилинганди.
Бироздан сўнг, вазият бўйича Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси матбуот хизмати қўшимча муносабат билдирди.
ʼʼМазкур ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, қонунда белгиланган тартибда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳолат, яъни бўлим бошлиғи С.М. ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директори Х.А. ўртасидаги жанжалли вазият, жорий йилнинг июль ойида содир бўлган.
Маълум бўлишича, Х.А. иш фаолияти давомида турли қонун бузилишларига йўл қўйган. Бўлим бошлиғи С.А. томонидан огоҳлантиришлар берилганида камчиликларни тан олмай, жанжалли вазиятни келтириб чиқарган.
Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан атрофича ўрганилиб, қонунда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилди.
Жумладан, мактабгача таълим муассасаси директори Х.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиндиʼʼ, дейилади хабарда.
