Словакияда талабалар, профессор ва тадқиқотчилар учун тўлиқ грант асосида ўқиш ва тадқиқот олиб бориш имконияти

Словакияда талабалар, профессор ва тадқиқотчилар учун тўлиқ грант асосида ўқиш ва тадқиқот олиб бориш имконияти

Словакия ҳукумати хорижий университетлар билан халқаро ҳамкорликни кучайтириш, истеъдодли талабаларни Словакияда таҳсил олишга, профессор ва тадқиқотчиларни эса илмий изланишлар олиб боришга рағбатлантириш мақсадида The National Scholarship Programme of the Slovak Republic (NSP) алмашинув дастурини жорий этган.

 

 

Дастур учун аризалар ҳар йили икки марта қабул қилинади:

 

 

Кузги мавсум — 31 октябргача;

 

Баҳорги мавсум — 30 апрелгача.

 

 

Ҳозирда кузги мавсум учун аризалар қабул қилинмоқда.

 

Дастур доирасида талабалар Словакия университетларидан бирида бепул таълим олиши, тадқиқотчилар эса илмий фаолият олиб бориши мумкин. Ўқиш ва тадқиқот муддати йўналишга қараб 1 ойдан 10 ойгача (талабалар учун — 3 ойдан 10 ойгача) давом этади. Шу вақт давомида иштирокчилар ўқиш тўловидан озод қилинади, ойлик стипендия ҳамда йўл харажатлари билан таъминланади.

 

Иштирокчилар учун талаблар

 

Номзодлар қуйидаги мезонларга жавоб бериши керак:

 

 

– бакалавр, магистратура ёки докторантура босқичида таҳсил олаётган бўлиши;

 

– бакалавр талабалари камида 2,5 йилини тугаллаган ва Словакия университетларидан бирига қабул қилинган бўлиши лозим;

 

– докторантура талабалари Словакия олийгоҳи ёки тадқиқот марказида қабул қилинган бўлиши керак;

 

– университет ўқитувчилари ва тадқиқотчилар Словакия олийгоҳи ёки тадқиқот марказидан таклиф хати олиши шарт (бизнес-компаниялар бундан мустасно);

 

– номзод инглиз ёки словак тилини яхши билиши лозим (сертификат мажбурий эмас);

 

– Словакияда аввал кундузги таълимда ўқиган ёки ҳозирда ўқиётган талабалар иштирок эта олмайди;

 

– ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва санъат соҳаси вакиллари камида PhD даражаси ёки унга тенг ҳужжатга ва 4 йиллик тажрибага эга бўлишлари шарт (истисно ҳолатлар мавжуд);

 

– Словакия ҳудудида охирги 3 йил давомида доимий яшовчилар иштирок эта олмайди;

 

– ERASMUS+, International Visegrad Fund, CEEPUS ва бошқа дастурлар бўйича стипендия олаётган талабалар ариза топшира олмайди;

 

– олдинги босқичларда ғолиб бўлган номзодлар камида 2 йил ўтгач қайта ариза топшириши мумкин.

 

 

Талаблар ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.

 

Имтиёзлар

 

Дастурга қабул қилинганлар қуйидаги имкониятларга эга бўладилар:

 

Яшаш харажатлари учун ойлик стипендия:

 

– бакалавр ва магистратура талабалари — €620;

 

– ПҳД талабалари — €1025,50;

 

– ўқитувчилар ва тадқиқотчилар — тажрибага қараб €1025,50 – €1470;

 

– йўл харажатлари учун моддий ёрдам: масофага қараб €250 – €1500, Ўзбекистонликлар учун — €750;

 

– Словакияга борганда тиббий кўрик харажатлари қоплаб берилади;

 

– Словакия университетлари ёки тадқиқот марказларида 1 ойдан 10 ойгача бепул таълим олиш ёки изланиш олиб бориш имконияти.

 

 

Дастурнинг манфаатлари томонлари ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали маълумот олишингиз мумкин.

 

Ариза топшириш тартиби

 

Дастурда қатнашиш учун аввал онлайн рўйхатдан ўтилади ва қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

 

 

– CV (таржимаи ҳол);

 

– мотивацион хат;

 

– Study Program (Словакияда бўлиш муддати ва фаолияти батафсил кўрсатилган режа);

 

– 2 та тавсиянома (университет ўқитувчиларидан);

 

– университетда ўқиётганлиги ҳақида маълумотнома;

 

– диплом ёки семестр баҳолари таржимаси;

 

– қабул хати (Адмиссион/Инвитатион леттер);

 

– PhD талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун — чоп этилган илмий ишлар рўйхати ҳамда тадқиқот режаси.

 

 

Барча ҳужжатлар инглиз ёки словак тилида тақдим этилиши шарт. Ариза топшириш жараёни ва керакли ҳужжатлар ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.

 

 

Натижалар дастур бошланишидан камида 6 ҳафта олдин, яъни баҳорги мавсум учун январь охиригача эълон қилинади.

Аввалги йилларда дастурга қабул қилинганлар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.