Чехия Республикаси Prague Mathematics Tuition Fee Scholarships (PMTFS) грантини эълон қилади. Грант Чарлз Университетининг «Математика ва физика» факультети магистратура босқичида ўқиш учун мўлжалланган. Дастурда 8 йўналишдан бирида ўқиш имкони мавжуд ва ҳар бир йўналиш учун 2 тагача номзод қабул қилинади. Магистратура босқичида ўқиш 2 йил давом этади.
Дастур учун иштирокчиларнинг академик кўрсаткичи ва истиқомат қиладиган давлатига қараб 4,200 евродан 21,600 еврогача маблағ ажратилади. Яъни грантни қўлга киритган иштирокчилар контракт тўловидан тўлиқ озод қилинади. Университетнинг магистратура босқичига алоҳида, грант учун алоҳида ариза топширилади. Грант учун ҳам университет учун ҳам ариза қабул қилиш жараёни 2026 йил 30 апрельгача давом этади.
Дастур ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот олиш мумкин.
Мақбуллик шартлари
Дастурда иштирок этиш учун қуйидаги талаблар мавжуд:
- Грантга барча давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам ариза топширишлари мумкин;
- Дастурга магистратура босқичини Чарлз Университети «Математика ва физика» факультетининг қуйидаги йўналишлардан бирида ўқишни хоҳловчилар ариза топширишлари мумкин:
– Computational Mathematics;
– Financial and Insurance Mathematics;
– Mathematical Analysis;
– Mathematical Structures;
– Mathematics for Information Technologies;
– Probability;
– Mathematical Statistics and Econometrics;
– Mathematical Modelling in Physics and Technology;
- Дарслар инглиз тилида ўқитилади, шунинг учун ҳам номзодлардан инглиз тилини билиш талаб қилинади.
- Дастур саралаш босқичида номзодларни танлаб олиш университет математика ва физика факультети декани томонидан амалга оширилади. Номзодларни саралашда уларнинг академик кўрсаткичларига алоҳида эътибор қилинади. Шунинг учун ҳам иштирокчиларнинг академик кўрсаткичлари яхши бўлиши керак;
- Номзодлар айни дамда бошқа грант ёки дастур иштирокчиси бўлмаслиги лозим;
- Иштирокчилардан белгиланган муддатгача университетга ҳам, грантга ҳам ариза топшириш сўралади. Агар номзод университетга қабул қилинмаса грант соҳибига ҳам айлана олмайди.
Дастур талаблари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.
Фойдали томонлари
Дастурнинг қуйидаги фойдали жиҳатлари мавжуд:
- 2 йилгача магистратура босқичида ўқиш учун контракт пули қоплаб берилади;
- Талабалар дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхатида 246-ўринни эгаллаб турган Чарлз университетида ўқиш имконини қўлга киритишади.
Ҳужжат топшириш
Дастурга ариза топшириш жараёни қуйидагича:
- университетнинг магистратура босқичига алоҳида, грант учун алоҳида ариза топширилади. Грант учун ҳам университет учун ҳам ариза қабул қилиш жараёни 2026 йил 30 апрельгача давом этади;
- номзодлардан авваламбор Student Information System тизимида рўйхатдан олиш сўралади. (Рўйхатдан ўтиш учун «Create a new application» қисмига кириш керак);
- сўнгра иштирокчилар университетдаги йўналишлардан бирини танлаб ҳужжат топширишлари керак;
- университетга ҳужжат топширилгандан кейин грант учун ҳам ариза топширилади. Грантга ариза топшириш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
– CV;
– Мотивацион хат;
– Илмий ишлар рўйхати (агар чоп этилган илмий ишлар бўлса);
– Диплом иловаси;
– Грант учун ёзилган ариза;
– Иш жойи ёки илмий раҳбар томонидан берилган 2 та тавсиянома;
- дастур учун сараланган номзодлар 2026 йил май ойи ўрталарида онлайн интервьюга чақирилади;
- интервьюдан муваффақиятли ўтган иштирокчилар 2026 йил 31 майда эълон қилинади. Агар бирор танлаган номзод университетда ўқишни рад этса, унинг ўрнига бошқа иштирокчи танлаб олинади;
- номзодлар грант асосида фақатгина Чарлз университетида ўқишлари мумкин. Ўқишни бошқа университетга кўчириш имкони йўқ;
- Чарлз университетининг магистратура йўналишларидан бирига ариза топшириш учун 1500 крона (тахминан $70 долларга тенг) миқдорида бадал пули мавжуд.
Эслатма! Барча ҳужжатлар инглиз тилига таржима қилинган бўлиши керак. Ҳужжатларни pdf форматида юклаш сўралади. Грант аризаси ушбу ҳавола орқали «PMTFS application-your namе» (your name қисмига иштирокчилар исм-фамилияларини ёзишлари керак) шаклида номлаб жўнатилади. Тавсияномани эса тўғридан тўғри ушбу ҳаволага «PMTFS recommendation – your name» шаклида номлаб жўнатиш керак бўлади. Агар иштирокчилар ҳали бакалавр дипломини олмаган ва университетнинг якуний босқичида ўқиётган бўлишса, буни тасдиқловчи ҳужжат сўралади.
Дастурга ариза топшириш жараёни ва талаблари ҳақида ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.
Чарлз университетида ҳужжат топшириладиган магистратура йўналишлари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.
