Guy T. Carswell Scholarships – АҚШнинг Wаke Forest университети бакалавр босқичига қабул қилинган талабаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган дастур ҳисобланади. Дастурда юқори академик кўрсаткичга эга, ҳар томонлама илғор, қолаверса, ижтимоий жиҳатдан фаол, кўплаб ютуқларга эришган талабалар қатнашишлари мумкин. Ҳар йили дастур учун 5 нафар энг яхши номзодлар саралаб олинади.
Дастур давомида талабалар бепул ўқиш билан бирга, тураржой, озиқ- овқат ва шахсий харажатлари учун қўшимча маблағ билан таъминланадилар.
Мақбуллик шартлари
Дастурга қабул қилиниш учун номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
– номзод Wаке Форрест университетининг бакалавр босқичига қабул қилинган бўлиши керак;
– академик кўрсаткичлари юқори бўлиши лозим;
– инглиз тилини яхши билиши шарт;
– ижтимоий жиҳатдан фаол ва лидерлик қобилиятига эга бўлиши керак.
Талаблар ҳақида батафсил ушбу ҳаволадан билиб олишингиз мумкин.
Фойдали томонлари
Дастурга қабул қилинган талабалар қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:
– ўқиш контракт тўловидан озод этилади;
– шахсий харажатлар учун йиллик $3,400 маблағ берилади;
– бепул тураржой ва озиқ-овқат билан таъминланади;
– тадқиқот харажатлари учун $5,000 ажратилади.
Дастурнинг манфаатли томонлари ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.
Ҳужжат топшириш
Дастурга қабул қилиниш учун 15 ноябргача университетнинг бакалавр босқичига ариза топширишингиз лозим. Бакалавр босқичидаги курслар ҳақида ушбу ҳаволадан маълумот олишингиз мумкин. Университет учун аризалар 3 хил усулда қабул қилинади. Ариза топшириш нархи $85.
Ариза топшириш учун керакли ҳужжатлар:
– мактаб ёки коллеж/лицей баҳолари ва унинг инглизча таржимаси;
– устозлардан тавсиянома;
– тил билиш даражасини тасдиқловчи сертификат (IELTS/ТОEFL/Duolingо);
– SАТ/АCТ сертификатлари танланган курс талабига қараб ихиётий;
– ушбу ҳужжатдаги маълумотлар тўлдирилиб тақдим этилиши лозим.
Ушбу топширилган ҳужжатларга қараб сараланган номзодлар билан интервью ташкил этилади ва бу ҳақида уларга март ойи охиригача хабар берилади.
