Болаларга яхши таълим бермаган ўқитувчиларга камроқ маош бериш кераклигини айтган Алишер Қодиров ўқитувчиларга кўпроқ пул ажратилишига ҳам рози эканлигини таъкидлар экан, малака тоифаси деган нарсани умуман ўртадан олиб ташлаб, педагоглар дарсини видеокамерада кузатиб, рейтинг бўйича ойлигини белгилаш кераклигини айтди.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида чиқиш қилган, «Миллий тикланиш»демократик партияси етакчиси Алишер Қодировнинг болаларга яхши таълим бермаган ўқитувчиларга камроқ маош бериш ҳақидаги таклифи кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Шундан сўнг, «Миллий тикланиш»партиясининг бошқа бир депутати Азамат Пардаев ҳолатга муносабат билдириб, Алишер Қодировнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида айтган фикрлари контекстдан юлиб олиниб, нотўғри талқин қилинганлигини айтди.
«Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, деганларидек, аслида Алишер Қодиров билдирган фикрларда жамият манфаатлари, келажак авлоднинг сифатли таълим олиш борасидаги ҳуқуқлари кафолати, давлат бюджети маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масалалари асосий мазмун касб этган эди.
Шу билан бирга, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўқитувчиларнинг моддий манфаатдорлигини янада ошириш бўйича ўзининг аниқ позициясига эга»,- деган Азамат Пардаев ўз муносабатида.
Ўқитувчининг дарсини видеокамерада кузатиш таклифи бир кун аввал айтилган.
Ўқитувчилар ойлик маоши масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишидан бир кун аввал, яъни 25 ноябрь куни«Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам тилга олингани маълум бўлди.
Мазкур йиғилишда эса партия етакчиси Алишер Қодиров Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темур Комиловга олий тоифанинг ҳақиқий кўрсаткич бераётганига ишонасизларми,деган саволни берган ва малака тоифаси деган нарсани ўртадан олиб ташлаб, педагоглар дарсини видеокамерада кузатиб, рейтинг бўйича ойлик бериш керак деган таклифни илгари сурган.
«Ўқитувчиларга пул ажратилганини биз кўп демаяпмиз. Ҳаттоки бундан ҳам кўпроқ болишига розимиз, масала йўқ! Ўқитувчи оляптими, ҳалол бўлсин, тўғри бўлиши керак. Лекин бу маблағни самарадорлик нуқтаи назаридан кўриш керак.
Сизлар тоифага ажратяпсизларку,учта тоифага: олий тоифа, ўрта тоифа қилиб. Олий тоифанинг ҳақиқий кўрсаткич бераётганига ўзинглар ишонасизларми?
Ҳақиқий зўр ўқитувчига тоифасига қарамасдан,тоифа деган нарсани умуман ўртадан олиб ташлаб, зўр ойлик берайлик.
Рақобатга дош беролмасдан,ўқувчини уриш, калтаклаш, тепиш,масалан, ҳақорат қилишдан бошқа нарсага арзимайдиган ўқитувчилар рақобатдан синиб, мактабдан чиқиб кетаверсин. Ҳозир ўшанақа ўқитувчилар директор билан яхши бўлгани учун отнинг калласидек ойлик оляпти..
Лекин ўша мактабнинг ўзида зўр ўқитувчи кам ойлик оляпти, тоифа ололмаяпти,чунки.
Яхши ўқитувчининг дарсини видеокамерада кузатиб, «яхши ўқитувчи экан» деб, отнинг калласидек, рейтинг бўйича ойлигини бераверинглар.
Самарадорлик нуқтаи назаридан Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги шунга нимага қарамаяпти?», — деган Алишер Қодиров.