Маълумотлар муҳандислиги ва сунъий интеллект бўйича Европада харажатлари қопланган ҳолда ўқиш имконияти

Маълумотлар муҳандислиги ва сунъий интеллект бўйича Европада харажатлари қопланган ҳолда ўқиш имконияти

Маълумотлар муҳандислиги ва сунъий интеллект бўйича Европада ўқиш учун грант дастури — EAI (Data Engineering and Artificial Intelligence) тақдим этилади.

 

Ушбу дастур юқори даражадаги, интеграциялашган халқаро таълим дастур ҳисобланган Erasmus Mundus Joint Master Programme дастури бўлиб, бир нечта олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади. Дастур бутун дунё бўйлаб энг яхши магистратура талабаларига тўлиқ грант тақдим этишга қаратилган.

 

Грант дастури қуйидаги университетлар томонидан амалга оширилади:

 

– Universit´e Libre de Bruxelles (ULB), Бельгия;

 

– Universitat Politècnica de Catalunya (UPC), Испания;

 

– Technische Universität Wien (TUW), Австрия;

 

– Università degli Studi di Padova (UniPD), Италия;

 

– Université Claude Bernard Lyon 1 (UCBL), Франция.

 

Дастур магистратура босқичи учун 2 йиллик ўқув йилини (2026-2028 йиллар) ўз ичига олади ва тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.

 

Дастур ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.

 

Мақбуллик шартлари

 

Барча давлат фуқаролари қатнашиши мумкин;

 

Аккредитациядан ўтган университетдан бакалавр даражасига эга бўлиш керак (яъни 180 ECTS га тенг);

 

Университет World Higher Education Database (WHED) рўйхатида бўлиши ёки қуйидаги университет рейтингларидан бирига киритилган бўлиши лозим:

 

– The Times Higher Education;

 

– Academic Ranking of World Universities (ARWU);

 

– QS World University Rankings.

 

Инглиз тилини  CEFR бўйича B2 ёки унга тенг даражада билиш лозим:

 

– Cambridge General English FCE;

 

– IELTS (Academic) — 5,5;

 

– TOEFL (қоғоз шакли) — 570;

 

– TOEFL (компьютер шакли) — 230;

 

– TOEFL (интернет орқали) — 72.

 

Бакалавриат босқичида асосий мутахассислиги компьютер фанлари бўлганларга устунлик берилади;

 

Дастур компьютер фанларига кучли йўналтирилган ва қуйидаги бошланғич билимларга эга бўлиш талаб этилади:

 

– Реляцион маълумотлар базалари бўйича курс: SQL, реляцион алгебра ва маълумотлар базасини оптималлаштириш;

 

– Алгоритмлар ва маълумотлар тузилмалари бўйича курс;

 

– Эҳтимоллар назарияси ва статистика;

 

– Моделлаштириш тиллари (масалан, UML ва ER диаграммалар) билан ишлаш тажрибаси;

 

– Графиклар назарияси;

 

– Тўпламлар назарияси ва мантиқ;

 

– Дастурлаш кўникмалари.

 

Саралаш мезонлари:

 

Бакалавриат дастурида ўқилган Компьютер фанлари тегишли кредит фоизига тўғри келиши керак;

 

Юқори академик натижаларга эга бўлиш лозим;

 

Бошқа таълимда Компьютер фанлари бўйича олинган кредитлар миқдори ҳисобга олинади;

 

IT ёки BI (Business Intelligence) соҳасида эгаллаган касбий тажриба яъни ҳар бир иш йили учун балл берилади (эгалланган лавозимга боғлиқ ҳолда);

 

Мотивацион хат ва тавсияноманинг талабларга мос равишда ёзилганлиги.

 

Эслатма: Танлов комиссияси барча аризаларни синчковлик билан кўриб чиқади ва ҳар бир мезон бўйича номзодларга балл ажратади. Шундан сўнг аризалар умумий тўпланган балл асосида рейтинг қилинади. Ушбу рейтинг асосида танланган номзодлар рўйхати тузилади.

 

Бакалавр даражаси бўйича  Expected profiles and Pre-requisites ҳамда  FAQ бўлимларидан маълумот олиш мумкин.

 

Дастур ҳақида батафсил маълумот олиш учун ариза топшириш қўлланмаси (апплиcатион мануал) билан танишиш лозим.

 

Фойдали томонлари

 

Ўқиш тўловлари учун йилига Европалик талабалар учун 4,500 евро, бошқа давлат талабалари учун 9,000 евро миқдорида грант ажратилади;

 

Ойлик стипендия берилади;

 

Иштирок харажатлари (шу жумладан суғурта харажатлари), сафар ва жойлашиш харажатлари қопланади;

 

Ҳар бир ўқув жойида турар жой топишга ёрдам берилади.

 

Ҳужжат топшириш

 

Дастурга қизиққанлар ушбу ҳавола орқали ариза топширишлари мумкин.

 

Ҳужжат топшириш қуйидаги босқичлардан иборат:

 

Онлайн ариза тизимида рўйхатдан ўтилади.

 

Онлайн ариза шакли тўлдирилади:

 

– Шахсий маълумотлар;

 

– Академик малака ҳақида маълумот;

 

– Тавсияномалар ҳақида маълумот;

 

– Иш тажрибаси ҳақида маълумот;

 

– Тил билиш даражаси ҳақида маълумотлар.

 

Талаб қилинган ҳужжатлар тизимга юкланади:

 

– Мажбурий ҳужжатлар;

 

– Ихтиёрий ҳужжатлар.

 

Онлайн ариза шакли юборилади.

 

Талаб қилинадиган мажбурий ҳужжатлар:

 

– Расм — яқинда олинган шахсий фотосурат, паспорт ўлчамида, фақат жпг, жпег, пнг ёки гиф форматларида бўлиши керак;

 

– Мотивацион хат (PDF форматда);

 

– Паспортнинг сканерланган нусхаси (PDF форматда);

 

– CV— тўлиқ инглиз тилида, Europass CV форматида ёзиш тавсия берилади (PDF форматда);

 

– Асосий бакалавриат йўналиши бўйича сертификат (Main bachelor certificate);

 

– Расмий академик транскриптлар;

 

– Асосий бакалавриат йўналиши учун ўзини баҳолаш (Self-evaluation for the main bachelor);

 

– Бошқа бакалавриат/магистратура дипломлари;

 

– Университет томонидан тасдиқланган бошқа бакалавриат ёки магистратура дастурига оид академик натижалар (PDF форматда);

 

– Бошқа йўналишдаги дипломлар учун ўзини баҳолаш (Self-evaluation for other degrees);

 

– Тил билиш сертификати.

 

Аризага илова қилиниши мумкин бўлган ихтиёрий ҳужжатлар:

 

– Бакалавриат/Магистратура диссертацияси (инглиз тилида ва фақат PDF форматида);

 

– Олинган бошқа курслар бўйича сертификатлар (инглиз тилига таржима қилинган ва фақат PDF форматида);

 

– Тавсияномалар (инглиз тилида ва фақат PDF форматида).

 

Муҳим: Бакалавриатнинг охирги босқичида ўқиётган талабалар дипломини ҳали олмаган бўлсалар ҳам ариза топширишлари мумкин.

 

Қўшимча маълумотлар

 

Грант дастурга ҳужжат топшириш учун охирги муддат: 13 январь, 2026 йил (17:00);

 

Ўз-ўзини молиялаштиришга ариза топшириш учун охирги муддат: 1 март, 2026 йил (05:00);

 

Email: deai_admissions@cs.ulb.ac.be;

 

Такроран сўраладиган саволларга жавоб бу ерда.