Японияда талабалар учун ёзги амалиёт дастури — UTRIP 2026

Японияда талабалар учун ёзги амалиёт дастури — UTRIP 2026

Бакалавриат талаблари учун Японияда 6 ҳафталик ёзги амалиёт дастури — UTRIP 2026 (University of Tokyo Research Internship Program)  тақдим этилади.

 

Дастурдан асосий мақсад иштирокчиларнинг тегишли соҳада билим чегараларини кенгайтириш ва ривожлантириш, ҳамда ушбу билимларни келажак авлодларга етказиш учун таълим ва тадқиқот олиб бориш имкониятини яратишдан иборат.

 

Дастур табиий фанлар соҳасидаги талабаларга етакчи олимлар билан амалий тадқиқотлар олиб бориш, Япония маданияти билан яқиндан танишиш ва магистратура ўқишига йўл очиш имкониятини беради.

 

Амалиёт машғулотлар 2026 йил 24 июндан 4 августгача давом этади.

 

Дастур ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.

 

Мақбуллик шартлари

 

– Ариза топшириш вақтида бакалавриат дастурида камида бир тўлиқ ўқув йилини ўқиган бўлиш керак;

– Дастурда иштирок этгандан сўнг Япониядан ташқаридаги университетда бакалавриат дастури (ёки бакалавр-магистр интеграциялашган дастурининг бакалавр даражасига тенг босқичи)га қайтиб ўқишни давом эттириш талаб қилинади;

– Табиий фанлар ёки шу билан боғлиқ йўналишда таҳсил олаётган бўлиш лозим;

– Танлаш жараёнида номзодлар орасида устуворлик тўрт йиллик бакалавриат дастурининг учинчи босқичида ўқиётган ёки уч йиллик бакалавриат дастурининг иккинчи босқичига ўтиши кутилаётган талабалар учун берилади. Бошқа босқичдаги талабалар ҳам ариза топширишлари мумкин;

– Илмий соҳада узоқ муддатли карьера қилишни мақсад қилган бўлиш керак;

– Дастурнинг узлуксиз 6 ҳафталик тўлиқ бандлик талаб этадиган даврининг барчасида қатнашиш шарт;

– Японияга келишдан олдин амалиёт дастури давомида амал қиладиган тиббий суғурта режасини тақдим эта олиши керак;

– Инглиз тилини билиш даражасини кўрсатувчи сертификат талаб этилади. Агар инглиз тили номзоднинг она тили бўлмаса, TOEFL ёки унга тенглаштирилган инглиз тилини билиш даражаси тести (масалан, IELTS) кўрсатилиши керак. UTRIP офисининг илтимосига биноан тест натижаларини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим эта олса, муддати тугаган тест натижалари ҳам қабул қилинади. Сўнгги 8 йил давомида узлуксиз инглиз тилида таълим олган иштирокчилар инглиз тилини билиш даражаси тестини топширишдан озод қилинади.

 

Эслатма: Тил билишга қўйилган талаб аниқ бўлсада, аниқ белгиланган минимал даража дастур томонидан ошкор этилмайди.

 

Номзодлар қуйидаги талабларни бажаришга рози бўлган ҳолда ариза топширишлари керак:

 

– UTRIP лойиҳасини бажаришга тўлиқ куч-ғайрат кўрсатиш;

 

– Лойиҳада тўлиқ олти ҳафта давомида иштирок этиш;

 

– UTRIP дастури давомида режалаштирилган барча академик ва ижтимоий тадбирларда қатнашиш;

 

– UTRIP раҳбари томонидан тасдиқланган ёзма якуний тадқиқот ҳисоботини дастур якунланишидан икки ҳафта ичида топшириш;

 

– Белгиланган кунда оғзаки тақдимот қилиш.

 

Фойдали томонлари

 

UTRIP иштирокчилари ўз харажатларини қоплаш учун икки турдаги молиявий ёрдам олишлари мумкин.

 

GSS-UTRIP стипендияси — Graduate School of Science томонидан UTRIP билан боғлиқ харажатлар учун бериладиган стипендия:

 

– бу стипендия Осиёдан келган номзодлар учун 140,000 ЖПЙ (~$900) ташкил қилади. Ушбу стипендия Японияга бориш-келиш учун авиачипта ҳамда Япония ичидаги транспорт каби кундалик харажатларни қоплаш учун берилади;

GSS-UTRIP стипендиясининг бир қисми сифатида 43 кеча давомида бепул турар жой тақдим этилади.

FUTI мукофоти(Friends of UTokyo, Inc.):

 

– мукофот сифатида ҳар бир иштирокчи учун $2,000 гача стипендия берилади;

– бепул турар жой тақдим этилади.

 

Муҳим: FUTI мукофоти фуқаролигидан қатъи назар, айни пайтда АҚШдаги университетларда ўқиётган талабалар учун амал қилади.

 

Агар номзод FUTI мукофотига лойиқ деб топилса, у бир вақтнинг ўзида GSS-UTRIP стипендиясини ололмайди.

 

Ҳужжат топшириш

 

Дастурда қатнашишни истаганлар ушбу ҳавола орқали ариза топширишлари мумкин.

 

Ҳужжат топширишда нималар сўралади?

 

Ариза ҳақида маълумот. Ҳужжат топширишдан олдин, иштирокчини қизиқтирадиган лабораторияни ва лойиҳани аниқлаш учун «Қабул қилувчи лабораториялар ва лойиҳа мавзулари / Профессорлар ва мавзулар» рўйхатини кўриб чиқилади. Ариза топширишда номзод энг кўпи билан икки лабораторияни танлайди ва уларни афзалликларини кўрсатади.

 

Шахсий маълумотлар. Профилда умумий маълумотларни кўрсатиш талаб этилади. Барча номзодлар билан алоқа асосан электрон почта орқали амалга оширилгани сабабли, аризада амалдаги электрон манзилингизни киритиш ва барча хабарларга ўз вақтида жавоб бериш сўралади. Шунингдек, «Corresponding Address» (Алоқа манзили) муҳим. Шу сабабли, иштирокчи 2026 йил март июнь ойларида ишончли тарзда жўнатмаларни қабул қила оладиган манзилини киритиши лозим.

 

Шахсий баёнот. Қуйидаги мавзуларда 700–1000 та сўздан иборат баёнот ёзиш керак:

 

– UTRIP дастуридаги аниқ тадқиқот лойиҳаларини танлаш сабаблари ва бу тажрибадан нимани кутаётгани;

– Танлаган тадқиқот лойиҳаларига мос келишини асослаш: профессор талаб қиладиган ёки лаборатория ишида фойдали бўладиган кўникма ва тажрибани қисқача таъкидлаш;

– Ҳозирги университетни тамомлагандан сўнг Токио Университетининг (Graduate School of Science) магистратура ёки докторантурасига топшириш нияти бор-йўқлиги ва бунга сабаблари.

 

Таълим ва малака ҳақида маълумотлар.

 

Резюме/CV. Резюме қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

 

– дастур давомида ишлашни хоҳлаган илмий лойиҳага тегишли бўлган иш тажрибаси ва лойиҳаларнинг батафсил баёни;

– ўқиган (ёки ўқиётган) мактаблар — ўрта мактаб, университет ва бошқалар, кириш ва тамомлаш йили/ойлари билан;

– ўтилган ёки ўтилиши режалаштирилган курсларнинг қисқача тавсифи;

– тадқиқот лойиҳасига тегишли мукофот ва совринлар (агар бўлса).

 

Академик транскриптнинг сканерланган нусхаси. Транскрипт қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

 

– номзоднинг исми;

– университет номи;

– қабул қилинган йил;

– тамомланган фанлар рўйхати (Фан номлари, баҳолар ва кредитлар кўрсатилган бўлиши керак);

– Legend – университет томонидан тақдим этилган баҳолаш тизими ҳақидаги расмий изоҳ. Агар бу маълумот транскриптнинг ўзида бўлмаса, уни тўлдириш учун алоҳида расмий ҳужжатни ҳам бирга сканер қилиб юбориш мумкин.

 

 

GPA даражаси. Университети расмий GPA кўрсаткичини тақдим этадиган номзодлар ушбу балларни аризада кўрсатишлари шарт. Агар талабгорнинг университети расмий GPA бермаса, иштирокчи GPA баллини мустақил равишда ҳисоблаб, ҳисоб-китоб жараёнини «Изоҳлар (Notes)» бўлимида баён қилиши керак.

 

Инглиз тилини билиш даражасини кўрсатувчи ҳужжат.

 

Қўшимча ҳужжатлар. Номзоднинг табиий фанлар йўналишидаги таълими ва академик кўрсаткичларини яхши биладиган, шунингдек, ишламоқчи бўлган тадқиқот лойиҳасига мослигингиз ҳақида асосли фикр бера оладиган профессор томонидан ёзилган битта тавсиянома топшириш лозим.

 

Муҳим: Электрон почта орқали юборилган тавсияномалар қабул қилинмайди.

 

Барча ариза ва тавсиянома шакллари тегишли муддатларга қадар етиб бориши керак. Кечикиб топширилган ариза ёки тавсиянома хатлари кўриб чиқилмайди.

 

Дастур учун танланган номзодлардан рўйхатдан ўтишда расмий транскриптларнинг асл нусхаси талаб қилинади.

 

Расмий ҳавола

 

Ҳужжат топшириш

Қўшимча маълумотлар

 

Такроран сўраладиган саволларга жавоб бу ерда;

Эмаил: utrip.s@gs.mail.u-tokyo.ac.jp.

 

Муҳим саналар

 

– Дастурга ҳужжат топшириш учун охирги муддат: 7 январь, 2026 йил (13:00);

– Тавсиянома шакли 2026 йил 14 январга қадар онлайн тарзда тўлдирилиши керак;

– Танлов ҳақида билдиришнома UTRIP веб-сайтида 2026 йил апрель ойининг бошида эълон қилинади;

– Танланган талабаларга март ойида тўғридан-тўғри электрон почта орқали ҳам хабар берилади.

 

Қуйидаги ижтимоий тармоқлар орқали қўшимча маълумот олиш мумкин:

 

Facebook

Instagram

YouTube