Хабарингиз бор, «Эл-юрт умиди» жамғармаси Бошқарув кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ, нуфузли университетларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш учун 2025 йил 2-очиқ стипендия танлови эълон қилинган эди.
Мазкур танлов учун ҳужжатлар махсус — онлайн платформа орқали 2025 йил 12 ноябрдан 26 ноябрга қадар (шу куннинг ўзида ҳам 23:59 га қадар) қабул қилинади.
«Эл-юрт умиди» стипендияси ғолиблари очиқ танлов асосида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш орқали аниқланади, тест синовларида номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва креативлик қобилиятлари, психологик барқарорлиги баҳоланади.
Бакалавриат бўйича ҳамда магистратура ва докторантура бўйича халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра:
– биринчи 100 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодларга «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
– биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига қабул қилинган номзодларга халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
– биринчи 20 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (туитион феэ) камида 50 фоиз қопланадиган грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчиларига «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади.
Мазкур стипендия танлови учун ўринлар ажратишда STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика) ҳамда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига (энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура ва қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геодезия, ер муносабатлари) шунингдек, давлат бошқаруви ва бошқа долзарб ижтимоий йўналишларга (тиббиёт, таълим) мақсадли асосда алоҳида устуворлик берилди.
