«Йил ўқитувчиси» танловида натижаларни ҳисоблашга доир техник хатолик тузатилган — вазирлик

«Йил ўқитувчиси» танловида натижаларни ҳисоблашга доир техник хатолик тузатилган — вазирлик

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Аттестация ва «Йил ўқитувчиси» танлови доирасида ўтказилган тест синовларининг дастлабки натижалари бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

 

Тест топшириқларининг биринчи блоки 40 та саволдан иборат бўлиб, шундан:

 

35 таси мутахассислик (асосий) фанига, 5 таси касбий стандартга оид саволлардир.

 

Бу саволлар тест вариантлари автоматик генерация қилиниш жараёнида аралаштирилган ҳолда жойлаштирилган.

 

Натижаларни ҳисоблашда 1–35-гача бўлган саволларга берилган тўғри жавоблар 3.1 баллга, 36–40-гача бўлган саволларга берилган тўғри жавоблар эса 1.1 баллга кўпайтирилиши керак эди.

 

Аммо вариантларда 1–40 рақамлар оралиғида мутахассислик ва касбий стандартга оид саволлар аралашиб тушгани кузатилган.

 

Натижада баъзи ҳолларда касбий стандарт саволлари учун 3.1 балл, мутахассислик фанлари учун эса 1.1 балл билан ҳисобланган.

 

Кейинги босқичда тизимда ушбу техник хатолик бартараф этилган. Педагогнинг натижаларига блоклар кесимида (мутахассислик ва касбий стандарт алоҳида) қайта аниқлик киритилди. Натижалар стандарт коэффициентлар асосида қайта жойлаштирилиб чиқилди.

 

Шу билан бирга, бу тузатишлар аттестация натижаларига ва тўғри жавоблар сонига таъсир кўрсатмаганлигини алоҳида таъкидлаймиз.

 

2-босқич Педагогик маҳорат бўйича (10 та тест топшириғи) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл берилган. Педагогик маҳоратдан тушган 10 та саволда барча баллар тўғри жойлаштирилган.

 

Эслатиб ўтамиз, педагогларга тушган саволлар сони — мутахассислик фанидан 35 та ва касбий стандартдан 5 та — ҳеч қандай ўзгаришга учрамаган.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги