Венгриянинг 30 та университети Stipendium Hungarium Scholarship доирасида 900 дан ортиқ инглиз тилида ўқитиладиган дастурлар таклиф қилади. (Асосан инглиз тили дастурлари мавжуд, аммо немис, француз, венгер тилларида ҳам дастурлар мавжуд). Стипендия дунё бўйича энг нуфузли стипендия ҳисоблангани боис, дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан эллик мингга яқин аризалар келиб тушади. Улардан 60% дан зиёди осиёлик талабаларга тегишли.
Барча босқич: бакалавр, магистратура (бир йиллик, бир ярим йиллик ва икки йиллик), PhD, шунингдек, даражасиз алмашинув дастурларида ўқишни истайдиган талабалар дастурга ариза топшириши мумкин.
Стипендиянинг мақсади – Европа тажрибасига таянган ҳолда тегишли соҳага доир етук кадрларни тайёрлаш.
Дастур доирасидаги университетларни ариза берувчилар мустақил тарзда танлаб олишлари лозим. Университетларни бу ердан ёки бу ҳавола орқали танлаш мумкин.
Стипендиянинг имтиёзлари бепул ўқиш ва тураржой, ойлик стипендия, шунингдек, бепул тиббий суғуртани қамраб олади.
Стипендияни қўлга киритган муваффақиятли талабалар ҳақидаги ҳикояларни бу ерда ўқиш мумкин.
Мақбуллик шартлари
— Тўлиқ ва алмашинув дастурлари учун ариза топшириш мумкин бўлган давлатларнинг махсус рўйхати мавжуд. Номзод рўйхатдаги давлатлар кўрсатилган категорияга мос келиши лозим (Ўзбекистон барча рўйхатларда бор).
— Дастур бошлангунга қадар 18 ёшга тўлган бўлиш;
— Илгари стипендияни қўлга киритмаган бўлиши ва ўқишга топшираётганда ўз-ўзини молиялаштириш турини (self-finance) танламаган бўлиши лозим;
— Венгрия фуқаролари дастурга ариза бера олмайдилар.
Дастурнинг қабул талаблари, махсус шакллантирилган давлатлар рўйхатини батафсил ушбу ҳавола орқали (бакалавр, магистратура ва даража бермайдиган дастурлар учун) ва бу ерда ўқиш мумкин.
Фойдали томонлари
Дастур қуйидаги имтиёзларни тақдим этади:
— Ўқув-контракт тўловидан озод қилинади;
— Ойлик стипендия: бакалавр, магистратура ва даражаси дастурлар учун — HUF 43,700 (~ EUR 110); докторантура учун — HUF 140,000-180,000 (~ EUR 355/~ EUR 460);
— Бепул ётоқхона ёки турар-жой ижараси учун HUF 40,000 ойлик стипендия;
— Умумий тиббий суғурта ва киши бошига HUF 65,000 (~EUR 170)гача бўлган тиббий ёрдам учун қўшимча маблағ (бир йилга).
Муҳим: Дастур доирасида бериладиган стипендия миқдори яшаш харажатларини қоплаш учун етмаслиги мумкин. Номзодларга яшаш харажатларини олдиндан ҳисоблаб, қўшимча шахсий маблағ жамғаришлари тавсия этилади.
Ҳужжат топшириш
Университетларга ҳужжатларни топшириш талаблари номзод танлаган университет ва босқич (бакалавр, магистратура, докторантура) доирасидан келиб чиқади.
Умумий ҳужжатлар қуйидагилар:
— Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (ID карта ёки паспорт нусхаси — мажбурий).
— Тиббий маълумотнома (Намуна учун — мажбурий).
— Онлайн ариза (мажбурий).
— Мотивация хати (мажбурий).
— Тил билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжат (дастурга боғлиқ).
— Мактаб/бакалавр/магистратура дипломи ва таржимаси (дастурга боғлиқ).
— Рейтинг дафтарчаси нусхаси ва таржимаси (мажбурий).
— Аризаси қабул қилинганлиги ҳақида ҳужжат (мажбурий).
— Тадқиқот режаси (дастурга боғлиқ).
— Тавсиянома хати (дастурга боғлиқ).
— Портфолио ва аудио портфолио (дастурга боғлиқ).
Эслатма: Керакли ҳужжатларни ушбу жадвалдан текшириш тавсия қилинади. Шунингдек, ариза топширишда йўл қўйиладиган хатолар ҳамда уларнинг олдинини олиш учун тавсияларни ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин.
Қўшимча маълумотлар
Дастурга ҳужжат топширишдан олдин мажбуриятлар ва келишувлар ҳақида батафсил танишиб чиқиш лозим.
Биринчи босқич саралаш натижалари 28 февралда, 2026 йил эълон қилинади.
Иккинчи босқич март май ойларида эълон қилинади. Тиббий маълумотномани 15 апрелга қадар топшириш мумкин.
Июнь ўрталарига қадар якуний натижалар эълон қилинади.
Қўшимча саволлар учун:
Тел: +36 (1) 236 5040;
Skype: stipendiumhungaricum;
E-mail: stipendiumhungaricum{at}tpf.hu
