«Толибон» ҳаракати Афғонистон давлат ва хусусий университетларида 679 та илмий китоб ва ўқув қўлланмасининг ўқитилишини расман тақиқлади. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берган.
Ушбу қарор, диний уламолар ва исломшунос профессорлардан ташкил топган махсус комиссия томонидан китобларнинг мазмунини ўрганиб чиқишдан сўнг қабул қилинди. 24 сентябрь куни Олий таълим вазирининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Зиёурраҳмон ар Арюбий томонидан имзоланган расмий хатда тақиқланган китоблар рўйхати университетларга тақдим этилди.
Уламолар ва мутахассислар бу китобларни эътиқод, тафаккур, диний, сиёсий, маданий ва илмий жиҳатидан баҳолаган. Тақиқланган адабиётлар рўйхатига иқтисодиёт, социология, ҳуқуқ, санъат, ижтимоий фанлар, журналистика ва адабиётга оид дарсликлар киради. Тақиқланган китоблар орасида ҳуқуқ асослари, ташкилотлар иқтисодиёти, халқаро барқарор ривожланиш, ташкилотлар социологияси, сиёсий социология, антропология асослари, ислом цивилизацияси тарихи, ХХ аср сиёсий тафаккури, эстетика ва санъат фалсафаси каби мавзулар мавжуд.
Вазирлик университетлардан тақиқланган китобларга муқобил, исломий қадриятлар ва «Толибон» сиёсатига зид бўлмаган дарсликлардан фойдаланишни сўради. Янги китоблар ўқув дастурига киритилиши алоҳида комиссия томонидан белгиланади. «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг, Маданият вазирлиги ҳузурида махсус комиссия тузилиб, «ножоиз» деб топилган китобларни нашр этиш ва тарқатишни тақиқлашни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон олий таълим тизимида аёллар муаллифлигидаги китоблар дарслик сифатида фойдаланишга тақиқлангани ҳақида ҳам хабар берган эдик.
