Меҳнат кодексининг 367-моддасига кўра, малака ошириш деганда ходимнинг мавжуд касб ва мутахассислиги бўйича ишларни бажаришга тайёрлигини тавсифловчи, унинг касбий билимлари, малакалари ва кўникмалари даражасини такомиллаштириш тушунилади.
Ўз навбатида, Меҳнат кодексининг 280-моддаси (иш берувчининг ходимга кафолатли тўловларни амалга ошириш мажбурияти)га кўра, иш берувчи ходимга ишдан ажралган ҳолда ўзи ва иш берувчи учун мажбурий бўлган қайта тайёрлаш ёки мажбурий малака оширишдан ўтган даври учун кафолатли тўловларни амалга ошириши шарт.
Шу каби қоида Меҳнат кодексининг 286-моддаси (иш берувчининг ходимга компенсация тўловларини амалга ошириш мажбурияти)да ҳам қуйидагича белгилаб қўйилган:
– ходим иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтганда, ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни иш берувчи компенсация қилиши шарт.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 290-моддасига биноан, агар иш берувчининг йўлланмаси бўйича ходимнинг касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ёки стажировкадан ўтиши бошқа жойга кўчишни талаб қилса, ходимга ўқиш жойига бориш ва қайтиб келиш, шунингдек уй-жойни ижарага олиш харажатларининг ўрни қопланади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 28-декабрдаги 1026-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, буюртмага киритилган малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади. Уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа аъзолар ўртасида тақсимланиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, ходим малака оширишда бўлганида, унга ўртача иш ҳақи тўлаб берилиши шарт.
