Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилади

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилади

Ҳукуматнинг 2025 йил 29 сентябрдаги «Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида табиий фанлар йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 608-сон қарори қабул қилинди.

 

 

Унга мувофиқ, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим ташкилотлари, шунингдек, вазирликлар ва идоралар тизимидаги умумий ўрта таълим ва касбий таълим ташкилотлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилади.

 

 

Қарор билан:

 

2025 йилда ташкил этиладиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг рўйхати;

 

2025-2027 йилларда янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

 

 

Ҳокимликлар 2025 йил 1 ноябрга қадар Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиалларининг бино ва иншоотларини таъмирлаб, белгиланган талаблар асосида жиҳозлаб, ўқувчиларга яшаш ва овқатланиш учун зарур шароитларни яратиб беради.

 

 

Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб табиий фанлар йўналиши бўйича таянч мактаб ҳисобланади.

 

 

Таянч мактаб ва филиалларга раҳбар кадрлар икки босқичли (саралаш ва суҳбат), педагог кадрлар уч босқичли (саралаш, тест синови ва суҳбат) танлов асосида ишга қабул қилинади.

 

 

Қабул 7-синфдан бошланади ва бир синфда ўқувчиларнинг сони 24 нафардан ошмайди. Ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади.

 

 

Ўқувчилар учун турар жой ҳамда аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади.

 

 

Филиалларнинг қурилиш ишлари таянч мактабнинг шароитидан кам бўлмаган, ягона ёндашув асосида 2026–2027 йилларда амалга оширилади.

 

 

Қарор билан танишиш

 

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилади

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилади