Нидерландияда магистратурани тўлиқ молиялаштирилган ҳолда 1,250 евро стипендия билан ўқиш имконияти

Нидерландияда магистратурани тўлиқ молиялаштирилган ҳолда 1,250 евро стипендия билан ўқиш имконияти

Нидерландиядаги Гронинген университети — дунёнинг энг нуфузли Топ-100 олийгоҳларидан бири бўлиб, магистратура босқичида 1 ёки 2 йиллик ўқишни тўлиқ молиялаштирилган ҳолда давом эттириш имконини таклиф этмоқда. Ушбу имконият Eric Bleumink Fund грант дастури орқали тақдим этилади.

 

 

Грантнинг асосий мақсади — юқори иқтидорли, илмий салоҳияти кучли, аммо молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган талабаларни рағбатлантириш.

 

 

Барча йўналишлар бўйича ариза топшириш мумкин. Фақат Гронинген университетида магистратурага ариза берган талабаларгина грантга даъвогар бўла олади.

 

Мақбуллик шартлари

 

– аризачи грантга рухсат этилган давлатлардан бирининг фуқароси бўлиши лозим (Ўзбекистон ҳам рўйхатда);

 

– Гронинген университетининг магистратура босқичига қабул қилинган бўлиши лозим (Шундагина грант учун саралашга лойиқ деб топилади);

 

– юқори академик кўрсаткичларга эга бўлиш (тавсияномада алоҳида таъкидланиши мақсадга мувофиқ);

 

– бакалавр босқичини аъло натижалар билан якунлаган бўлиш;

 

– инглиз тилини юқори даражада билиш (IELTS, ТОEFL, Cаmbridge каби халқаро сертификат талаб қилинади);

 

– дастурни танаффуссиз, тўлиқ давом эттириш имкониятига эга бўлиш;

 

– саломатлиги яхши бўлиши;

 

– ўқиш харажатларини қоплаш учун бошқа молиявий манбага эга бўлмаслиги.

 

 

Талаблар билан батафсил бу ерда танишиш мумкин.

 

Грант доирасида бериладиган имтиёзлар

 

Ўқиш харажатларидан тўлиқ озод этилади. Нидерландияга бориш-келиш йўл харажатлари (авиабилет, суғурта, аэропорт йиғимлари) қопланади.

 

 

Талабаларга турар-жой ва яшаш харажатлари учун ойига 1,250 евро стипендия берилади. Мамлакатга келиш ва дастлабки жойлашув учун қўшимча €275 ажратилади.

 

 

Виза расмийлаштириш харажатлари қопланади. Ўқув материаллари ва китоблар учун йилига €310 стипендия берилади.

 

 

Шунингдек, кутилмаган вазиятларда (касаллик, оила аъзоси вафоти ва бошқалар) ўқиш муддати узайтирилиши мумкин. Талабалар тиббий ва бахтсиз ҳодисалар суғуртаси билан таъминланади.

 

Ҳужжат топшириш тартиби

 

Аризачилар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:

 

– онлайн ариза шакли;

 

– диплом ёки ўқишни тугатаётгани ҳақидаги ҳужжат;

 

– фанлар ва баҳолар рўйхати;

 

– CV (резуме);

 

– мотивацион хат;

 

– паспорт нусхаси;

 

– инглиз тили билимини тасдиқловчи сертификат (IELTS, ТОEFL, Cаmbridge ва б.);

 

– курсларнинг қисқача тавсифи (танланган йўналишга қараб);

 

– 1 та тавсиянома хати;

 

– академик ютуқлардан хабардор 2 та тақризчининг контакт маълумотлари;

 

– GRE ёки GMАТ натижаси (факультет талаблари асосида).

 

 

Эслатма: айрим факультетлар қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин. Йўналишларга доир ҳужжатлар билан батафсил бу ерда танишиш мумкин.

 

 

Қабул жараёни ва муддатлар

 

Магистратура дастури учун аризалар 2025 йил 1 декабргача топширилиши шарт. Шундан сўнг, қабул комиссияси факультетлар билан ҳамкорликда 2026 йил январь ойининг биринчи ҳафтасида саралашни амалга оширади.

 

 

Сараланган номзодлар кейинги босқичга ўтганликлари ҳақида хабардор қилинади ва улардан қўшимча мотивацион хат юбориш талаб қилинади.

 

 

Барча ҳужжатлар 1 февралга қадар EBF қўмитасига тақдим этилади.

 

 

Натижалар ҳақида барча номзодлар 2026 йил 1 мартга қадар хабардор қилинади.

 

 

Электрон почта: msd@rug.nl, study@rug.nl, prospectives@rug.nl

 

Вебсайт: https://www.rug.nl/education/s…