Канадада 1-ўринни эгаллаган университетда бакалавр босқичини ўқиш учун харажатлари тўлиқ қопланадиган дастур

Канадада 1-ўринни эгаллаган университетда бакалавр босқичини ўқиш учун харажатлари тўлиқ қопланадиган дастур

Торонто Университетидаги Lester B.Pearson халқаро гранти (Lester B.Pearson International Scholarship) халқаро талабалар учун дастур юқори академик кўрсаткичларга эришган, ўз қобилиятини намойиш эта олган ва ўз таълим муассасасида етакчи сифатида тан олинган талабаларга грант ажратади.

 

 

Lester B.Pearson халқаро гранти — энг нуфузли грантлардан бўлиб, талабаларнинг тўрт йил давомидаги ўқиш, китоблар, озиқ-овқат, солиқлар ва барча яшаш харажатларини тўлиқ қоплаб беради.Дастурнинг фақатгина бакалавр босқичи учун номзодлар қабул қилинади. Дастурга ҳар йили тахминан 37 га яқин талаба саралаб олинади ва ғолиблар Lester B.Pearson олимлари номини олади.

 

 

Дастурда қатнашиш учун номзодлар аввало Торонто университетидаги бакалавр йўналишларидан бирига ҳужжат топширишлари керак бўлади. Кейин эса Lester B.Pearson грантига алоҳида онлайн ариза топширилади.

 

 

Дастурга ҳужжат қабул қилиш жараёни 2025 йилнинг 7 ноябригача давом этади.

 

 

Дастур ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот олиш мумкин.

 

Шартлар:

 

Номзод Канада фуқароси бўлмаслиги керак;

 

Таҳсил олаётган муассасасини битирган бўлиши ёки 2025 йил июнь ойига қадар тугатган бўлиши зарур;

 

Номзод ариза топширганда бакалавриат босқичида ўқимаётган бўлиши керак;

 

Номзод 2026 йилда Торонто университетида бошланадиган бакалавр йўналишларидан бирига ариза топширган бўлиши ва унга қабул қилинган бўлиши зарур;

 

Иштирокчи ўзи таҳсил олаётган муассасанинг масъул шахси томонидан танловда қатнашиши учун тасдиқланиши лозим, яъни масъул шахс тавсиянома беради;

 

Номзодлардан инглиз тилини билиш ҳамда тил билиш сертификати талаб қилинади. Агар номзод инглиз тилида камида 4 йил ушбу ҳаволадаги давлатлардан бирида ўқиган бўлса, у ҳолда улардан сертификат талаб қилинмайди.

 

Дастур талаблари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

 

Фойдали томонлари

 

Номзоднинг ўқиш харажатлари, яъни контракт пули тўлиқ қоплаб берилади;

 

Бепул тураржой билан таъминланади;

 

Тўрт йиллик ўқиш давомидаги барча харажатлар қопланади;

 

Ўқиш давомида керак бўладиган китоблар ва бошқа харажатлар учун молиявий ёрдам кўрсатилади.

 

Озиқ-овқат, солиқлар ва шу каби бошқа тўловлар харажатлари ҳам тўланади.

 

 

Дастурнинг фойдали жиҳатлари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

 

Ҳужжат топшириш

 

Дастурнинг рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳар бир давлат номзодлари учун алоҳида талаблар қўйилган. Шунингдек, ўзбекистонлик номзодлардан академик лицей дипломи сўралган. Аммо Ўзбекистон таълим тизими бўйича мактаб 11 йиллик бўлгани учун мактаб дипломи ҳам ўрта таълим сифатида ўтиши мумкин. Бунга дастур маъмурияти билан боғланиб ойдинлик киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ҳар бир давлат фуқароларига қўйилган талаблар билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишиш мумкин.

 

Эслатма! Дастурга фақатгина расмий сертификатлар қабул қилинади ва улар сертификат берилган расмий ташкилот томонидан ариза қабул қилиш тизимига жўнатилиши сўралади. Сертификатдаги туғилган йил, исм ва фамилия, жинс ва бошқа маълумотлар номзодники билан бир хил бўлиши зарур. Акс ҳолда улар қабул қилинмайди.

 

Маълумот учун, Торонто университети 2025 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Канадада 1-ўринда, дунёдаги энг яхши олийгоҳлар рўйхатида 25-ўринда турибди.

 

Lester B.Pearson гранти бўйича муҳим саналар:

 

2025 йил 17 октябрь- Университетнинг бакалавр йўналишлари учун аризалар қабулининг охирги санаси;

 

2025 йил 10 октябрь – Номзод ўқиш жойидаги масъул шахс томонидан берилган тавсияномани юклашнинг охирги муддати;

 

2025 йил 7 ноябрь – грантга, яъни Lester B.Pearson грантига онлайн ариза топширишнинг сўнгги муддати.

 

 

Дастур натижалари ариза топширилганидан тахминан 2 ҳафта ўтиб эълон қилинади.

 

 

Маълумот учун:

 

-Тел: 416-978-2190;

 

Телефон орқали саволларга фақатгина душанба, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари Канада вақти билан кундузги соат 9.30дан кечки 4.30 гача ва сешанба кунлари кундузги 1.00 дан 4.30 гача жавоб олиш мумкин;

 

e-mail: pearson.scholarship@utoronto.ca

 

 

Ҳужжат топшириш жараёни билан боғлиқ саволларга ушбу ҳавола орқали жавоб топиш мумкин.

 

Дастур бўйича ўқиш мумкин бўлган бакалавр йўналишлари рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.