Хитойнинг Хунан провинциясида 11 ёшли мактаб ўқувчиси ортиқча даражада уй вазифаси бажаришга уриниши оқибатида шифохонага ётқизилди.
26 август куни Лян Лян исмли бола эрталаб соат 8:00 дан кечки 22:00 гача деярли танаффуссиз дарс тайёрлаган. Бир неча соат ўтгач, унда бош оғриғи, бош айланиши, қўл-оёқларда карахтлик ва нафас қисиши каби белгилар кузатилиб, ота-онаси дарҳол шифокорларга мурожаат қилган.
Шифокорлар унга гипервентиляция синдроми ташхисини қўйишди. Бу ҳолатда нафас олиш жараёни бузилиб, юрак уриш тезлиги ошади. Болага махсус нафас олиш ниқоби тақилганидан сўнг аҳволи тезда яхшиланган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай синдром кўпинча ортиқча ҳиссий зўриқиш, имтиҳонолди ташвиш, оила ичидаги келишмовчилик ёки узоқ вақт давомида гаджетлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шифокорлар огоҳлантиришича, гипервентиляция синдроми нафақат нафас қисиши, балки мушакларнинг қаттиқлашиши, ҳатто оғир ҳолларда ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин.
Маълум қилинишича, август ойида вилоят тез ёрдам бўлимига худди шу аломатлар билан 30 дан ортиқ ўқувчи мурожаат қилган. Бу бошқа ойларга қараганда 10 баравар кўпдир.
