Google компанияси ўзининг Gemini нейротармоғи учун янги режим — Guided Learning («Йўналтирилган ўқитиш») ни жорий этганини маълум қилди. Бу имконият айнан таълим учун ишлаб чиқилган LearnLM оиласига мансуб сунъий интеллект моделлари интеграцияси орқали пайдо бўлган. Аввал бундай функцияни биринчи бўлиб ChatGPT тақдим этган эди.
Янги режимда фойдаланувчи Gemini дан одатдагидек савол бериши ёки ўқув масаласини ечишни сўраши мумкин. Аммо оддий режимдан фарқли ўлароқ, нейротармоқ тайёр жавоб бермайди, балки масалани босқичма-босқич ўрганишга ундайди.
Масалан, компания блогида келтирилган вазиятда нейротармоқ ракета қанчага кўтарилиши ҳақидаги масаланинг жавобини дарҳол бермайди, балки ўқувчини ўзи фикрлашга мажбур қилади. Бунинг учун, у ўқитувчига ўхшаб саволлар беради: ҳаракатда қайси энергия турлари иштирок этади, уларни ҳисоблаш учун қайси формулалар керак ва ҳоказо. Агар фойдаланувчи жавоб бера олмаса, нейротармоқ батафсил тушунтириш беради — матнли изоҳлар, тасвирлар ва графиклар орқали.
Геминиъдаги янги ўқув режими ОpenAI ChatGPT да ҳам шундай имконият пайдо бўлгани ҳақида расмий хабар чиққанидан кейин тақдим этилган. Демак, дунё бўйлаб кенг қўлланилаётган нейротармоқлар энди ўз ичига махсус ўқув воситаларини ҳам қўшмоқда (Россияда ҳозирча ChatGPT ҳам, Gemini ҳам мавжуд эмас).
Британиялик онлайн-таълим эксперти Филиппа Ҳардман иккала нейротармоқнинг ўқув режимларини солиштириб, қуйидаги хулосага келди: ҳозирча Gemini рақибидан устун, чунки у фақат матн эмас, балки тасвир ва видеодан ҳам фойдаланади. Шу билан бирга, ChatGPT даги Study Mode сократик диалогни яхшироқ ташкил этади. Аммо Гемини мавзуларни қисқа блокларга ажратиб беришда самаралироқ бўлиб, бу фойдаланувчининг ақлий юкламасини назорат қилишга ёрдам беради.
Бироқ иккала нейротармоқда ҳам муҳим камчилик бор: улар ўқувчининг билим даражаси ва олдинги қадамларини эслаб қолмайди.
Филиппа Ҳардман фикрича, агар Gemini Google Classroom билан бирлаштирилган таълим экотизимига қўшилса, бу муаммо бартараф этилиши мумкин. Лекин бу ягона камчилик эмас: мутахассис таъкидлаганидек, ҳам Gemini, ҳам ChatGPT кўпинча фойдаланувчини мақтаб юборади, аммо агар фойдаланувчи саволларга жавоб бера олмаса, тезда таслим бўлиб, бевосита ёрдам ва тайёр жавоб беришга ўтади. Ҳақиқий ўқитувчи эса бундай вазиятда бироз вақт сарфлаб, ўқувчини мустақил фикрлашга ундаган бўларди.
