Энди барча педагоглар ҳар 5 йилда мажбурий аттестацияга жалб этилади

Энди барча педагоглар ҳар 5 йилда мажбурий аттестацияга жалб этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги 130-сон қарори билан педагогларни аттестациядан ўтказиш тартиби такомиллаштирилди. Қарорга биноан педагог ходимларга умрбод малака тоифаси бериш тартиби бекор қилиниб, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб барча педагоглар ҳар 5 йилда аттестация тест синовларига жалб қилиниши белгиланди.

 

Бунда 2025 йил 1 сентябрга қадар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаган, шунингдек, аттестациядан ўтганлик муддати тугаган ва амалдаги малака тоифаси сақланиб қолган қуйидаги педагоглар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди ҳамда уларга амалдаги малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўлашда давом эттирилади:

 

– олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани (лавозимини) 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган;

 

– педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган;

 

– ёшларга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган;

 

– педагогик фаолият билан шуғулланаётган пенсия ёшига тўлган педагоглар;

 

Қуйидаги талабларидан бирига жавоб берадиган педагогларга тўғридан-тўғри малака тоифаси (лавозими) берилади:

 

– педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган педагогларга — уларнинг амалдаги малака тоифаси (лавозими);

 

– ёшларга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган вақт қолган педагогларга — уларнинг амалдаги малака тоифаси (лавозими);

 

– олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани (лавозимини) 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагогларга — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).

 

Яъни, юқоридаги мезонларга тўлиқ мос келадиган педагоглар 2025 йил 1-центабргача ушбу талабларни бажарган бўлиши керак.

 

Эслатма! Юқоридаги мезонларга мос келмайдиган педагоглар эса кейинчалик олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг ушбу тоифани 15 йил давомида сақлаб, узлуксиз иш стажига эга бўлганда ҳам, пенсия ёшига етганда ҳам ва бошқа ҳолларда ҳам ҳар 5 йилда мажбурий аттестациядан ўтишига тўғри келади.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни 41-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади.

 

Шу сабабли, 2025 йил 1 сентябрга қадар аттестацияга жалб қилинмаслиги белгиланган, яъни умрбодлик малака тоифасига эга бўлган педагог ходимлар 1 сентябрдан кейин ҳам мажбурий аттестацияга жалб қилинмайди.

 

Масалан, баҳор ойида юқоридаги мезонларга мос тушадиган педагог малака тоифаси олди ва июнь ойида унинг педагогик фаолият бўйича иш стажига 25 йил тўлди, дейлик. Ана шу вазиятда педагог ходим ушбу малака тоифасини бир умр сақлаб қола олади.

 

2025 йил 1 сентябрга қадар умрбод малака тоифасини сақлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлган педагог ходимларга ҳам малака тоифаси муддати тугаган вақтгагина амалдаги малака тоифаси қайта берилади ва шу малака тоифаси сақланиб қолади.

 

Аммо, 1 сентябргача умрбодлик малака тоифасига эга бўлмаган ҳар қайси педагог ҳар 5 йилда мажбурий аттестацияга жалб этилади. Бунда педагогнинг неча йиллик иш стажига эга эканлиги ёки пенсия ёшига етган ёки етмаганлиган қаъий назар мажбурий аттестацияда иштирок этади.