Сохта ҳужжатлар ўйини: хусусий таълим муассасалари ёки консалтинг агентликлари жавобгар?

Сохта ҳужжатлар ўйини: хусусий таълим муассасалари ёки консалтинг агентликлари жавобгар?

Оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш вақти келди

 

Куни кеча кунларда ижтимоий тармоқларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядаги олийгоҳларда ўқийди, деган сохта ҳужжатлар асосида Ўзбекистондаги хусусий университетларнинг 2-, 3- ёки 4-курсларига ўқишга қабул қилинаётган ҳолатлар ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Хусусий университетлар ҳам мана шу коррупсион схемага шерик бўлаётгани иддао қилинди.

 

Юртимизда энди ривожланиб юз минглаб ёшлар таълим олаётган хусусий университетларга боғлиқ ушбу ҳолат юзасидан қуйидаги мулоҳазаларни келтириб ўтмоқчимиз.

 

 

1. Ҳужжатларни текшириш вазифаси университетларнинг ўзига юклатилган.

 

Хориждан талабалар ўқишини юртимиздаги ОТМ кўчириш Ҳукуматнинг 20.06.2017 йилдаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан амалга оширилади. Унга кўра ҳужжатларни текшириш ва аввал ўқиган хориждаги университетга сўров юбориш олий таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади. Яъни бу жараён марказлашмаган ва рақамлашмаган бўлиши мумкин. Хорижда ўқиган деган ҳужжатларни тўғри текшириш қай тартибда амалга оширилади, бу бўйича аниқ кўрсатма ва механизмлар мавжудми?

 

 

2. Муаммо хусусий ОТМлар пайдо бўлишидан аввал бошланган

 

Чет элда ўқиди деган ҳужжатлар орқали талабаларни кўчириш амалиёти янгилик эмас. Бу жараён хусусий университетлар ташкил этилишидан анча аввал, асосан консалтинг компаниялари орқали амалга оширилган. Минглаб талабалар, бирон марта ҳам чет давлатга бормасдан туриб, 1-курсни тамомлади деган ҳужжатлар асосида давлат ОТМларига кўчиришга ҳаракат қилишганди. Балким улар битириб диплом ҳам олишгандир.

 

Бу ҳолат оммавийлашгани сабабли давлат ОТМлари ҳужжатларни текширишни кучайтирди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги орқали тест синовлари жорий қилинди, минимал баллар оширилди.

 

 

3. Сабабчи ким: консалтингларми ёки университетларми?

 

Сохта ҳужжатлар тайёрлаб беришни реклама қилувчи ва бу учун очиқ пул ураётган фирмаларга қарши жиддий чора кўрилмаётган бир пайтда, кўпроқ айбни хусусий университетларга юклаётган ҳолат кузатилмоқда. Конкрет равишда қайси ОТМ сохта ҳужжатни қабул қилгани расман маълум қилинмаслиги барча хусусий университетларга нисбатан ишончсизлик муҳитини юзага келтирмоқда. Шунингдек, консалтинглар айрим университетлар билан келишуви бўлмаса ҳам улар номидан ҳужжат қабул қилиб, кейинчалик бу ерда жой қолмабди деб ўзгартириб бермоқда.

 

 

4. Энди хориждан ўқишни хусусий университетга кўчириш ҳам осон бўлмайди

 

2025 йил 30 июнь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 403-сон қарорига кўра, 2025 йил 1 августдан бошлаб хусусий ОТМларга ўқишни кўчиришда (чет элдан ёки маҳаллий) давлат ОТМлари учун белгиланган талаблар татбиқ этилади. Яъни энди ўқишни хориждан юртимиздаги хусусий университетлар кўчириш ҳам осон бўлмайди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб, хориждан хусусий университетга кўчирмоқчи бўлган талабалар ҳам Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида иштирок этиб, йўналиши бўйича минимал бални тўплаши керак бўлади.

 

 

5. Оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш вақти келди

 

Сохта ҳужжат муаммосини ечиш учун жазо чораларидан ташқари, ташкилотчилик, тизим ва ҳамкорлик зарур:

 

Чет элда ўқиди деган ҳужжатларни текшириш механизмлари шаффоф ва рақамлаштирилган бўлиши керак.

 

Юртимиздаги диплом ва академик маълумотларнинг хорижда тан олинишини енгиллаштириш зарур.

 

Қўшни давлатларнинг ваколатли органлари билан электрон маълумот алмашинуви тизимини йўлга қўйиш, ENIC-NARIC ёки ўхшаш тармоқларга уланиш интеграцияланган ечим бўлади.

 

 

Сохта ҳужжатлар – бу бутун тизимга таҳдид. Уларнинг муаллифи фақат талабалар, консалтинг фирмалари ёки университетлар эмас — бу, энг аввало, ҳуқуқий, ахборот ва таълим тизимларидаги мувофиқлашмаган бўшлиқлар натижасидир. Шу боис, оқибат эмас, сабаб билан курашиш, ҳамкорлик, ахборот алмашинуви ва рақамли назорат механизмларини жорий қилиш устувор вазифа бўлиши керак.