Наманган вилоятида мактаб ўқувчилари билан боғлиқ фожиали ҳодиса юз берди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборотига кўра, 2024 йил 23 июль куни 5–6 нафар 15–16 ёшдаги ўсмирлар Наманган тумани Миришкор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Шимолий Фарғона каналида чўмилишга борган. Афсуски, улардан икки нафари сувдан қайтиб чиқмаган.
Воқеа ҳақида соат 13:48 да 112 – Ягона диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган. Шундан сўнг, вилоят ФВБнинг махсус қидирув ва қутқарув гуруҳлари томонидан зудлик билан сув ости ва усти қидирув ишлари бошланган.
23 июль куни йўқолган болалардан бири Тўрақўрғон туманида ўлик ҳолда топилган. Иккинчи бола эса — 2009 йилда туғилган — ҳозиргача топилмаган. Уни излаш ишлари давом этяпти.
Наманган, Чуст ва Поп туманлари ФВБ ёнғин-қутқарув бўлимлари, шунингдек, вилоят бошқарма ёнғин-қутқарув отрядининг сув ости гуруҳлари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда.
Жасади топилмаган боланинг отаси тегишли мутасаддиларга мурожаат қилиб, қидирувни енгиллаштириш мақсадида канал сув сатҳини вақтинча туширишни сўрамоқда.
Таъкидлаш жоизки, шу каби очиқ сув ҳавзаларида, айниқса, чўмилиш учун ажратилмаган жойларда назоратсиз чўмилиш ҳолатлари болалар ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради. Мутасаддилар аҳолини, хусусан, ўқувчи ёшларни бу борада огоҳ бўлишга, ота-оналарни эса фарзандларига нисбатан эътиборлироқ бўлишга чақирмоқда.




