Хорижий олий таълим муассасалари (ОТМ) филиалларини тамомлаган кўплаб битирувчилар ҳали ҳануз бакалавр дипломини олиша олмаган. Уларнинг айтишича, ўқишни тамомлаган бўлсалар-да, дипломлар ҳали расмийлаштирилмаган ва фақат август ойидан кейин топширилиши режалаштирилган.
Бу масала юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Call марказига мурожаат қилганида, расмий равишда қуйидаги жавоблар берилди:
Магистратурага дипломсиз ҳам ҳужжат топшириш мумкин
Вазирликнинг расмий баёнотига кўра, битирувчилар ўзларининг оригинал дипломлари ўрнига ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи академик маълумотнома ва транскрипт ҳужжати орқали магистратурага ариза топширишлари мумкин.
Бу чора Республика таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли баёни асосида кўрилган бўлиб, хорижий ОТМ битирувчилари учун дипломларнинг кечиктирилишини инобатга олган ҳолда рухсат этилган.
Дипломни тасдиқлаш ваколати тўғридан-тўғри университетларга берилган. Битирувчининг ўқишни тамомлаганлиги эса у таҳсил олган ОТМ томонидан тасдиқланиши керак.
Шу билан бирга, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабгорлардан дипломнинг асл нусхаси кейинчалик талаб қилиниши мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, магистратура мутахассисликларига ҳужжат топшириш 30 июлга қадар my.edu.uz платформаси орқали амалга оширилади. Танловда иштирок этиш учун миллий ёки халқаро тил сертификатига эга бўлиш талаб этилади.
Мазкур масала юзасидан АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова расмий маълумот берганди.
