Хабарингиз бор, 2025 йил 28 февралдаги 130-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан Ўзбекистон таълим тизимида педагогларнинг аттестацияси, касбий сертификатлаш ва рағбатлантириш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Бу қарорлар орқали аттестация жараёни соддалаштирилиб, рағбат тизими кучайтирилмоқда, шунингдек ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларнинг ҳам мазкур баҳолаш тизимига жалб этилиши белгилаб қўйилди.
Аттестацияда кимлар иштирок этади?
Қарорга кўра, эндиликда:
– Ўрта махсус маълумотли педагоглар (масалан, собиқ коллеж битирувчилари) ҳам аттестация жараёнларида қатнашиши шарт;
– Авваллари фақат олий маълумотли ўқитувчилар қатнашган аттестация эндиликда барчага бир хил талабларда ўтказилади.
Аттестация тартибида қандай ўзгаришлар бўлди?
2025 йил 28 февралдаги 130-сонли қарорга кўра:
– Аттестация энди босқичма-босқич ва рақамлаштирилган шаклда ўтказилади;
– Касбий сертификатга эга бўлган ўқитувчилар тест синовидан озод қилинади;
– Сертификатсиз ўқитувчилар эса мажбурий тест синовларидан ўтиши шарт бўлади;
– Портфель (касбий ютуқлар тўплами) ва дарс кузатув натижалари ҳам баҳолаш мезонига киритилган.
Аттестациядан ўтолмаган педагоглар нима қилади?
Қарор билан мактаб директорлари қуйидаги ваколатга эга бўлади:
Тест синовларида етарли балл тўплай олмаган педагогларни ишдан бўшатиш ҳуқуқи мактаб раҳбарига берилади.
Маълумот учун,
55 балл ва ундан юқори баллга эга бўлса – аттестациядан ўтган ҳисобланади ва лавозими сақланади,
55 баллдан паст кўрсатгичга эга бўлса – аттестациядан ўтмаган, ўқитувчи лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.
Олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли у билан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилмаган тақдирда, навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадр навбатдан ташқари аттестацияга кўпи билан кетма-кет икки марта жалб этилади.
Бунда икки мартадан бирортасида ҳам навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган ёки узрли сабабсиз (касалликка чалиниши оқибатида меҳнатга қобилиятсизлик даврида ҳамда давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлигидан ташқари ҳолларда) аттестацияда иштирок этмаган педагог кадр билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилинади.
Аттестациядан ўта олмаган олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрларни кетма-кет икки марта навбатдан ташқари аттестацияга жалб этишга педагог кадр фаолият кўрсатаётган та лим ташкилотининг раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Аттестациядан ўта олмаганлиги сабабли меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда педагогларнинг меҳнат шартномаси (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли) бекор қилинган тақдирда, педагог кадр фақат ўз хоҳиши билан навбатдан ташқари Касбий сертификатлаш синовида иштирок этиб, сертификатни қўлга киритган ҳолдагина, яна педагог сифатида ишга қабул қилиниши мумкин бўлади.
Сертификатлаш ва устамалар тизими
Янги қарорлар асосида сертификатлаш орқали рағбатлантириш тизими ҳам жорий этилди:
1. Халқаро тан олинган сертификат – Маошнинг 50 фоиз гача устамаси
2. Миллий касбий сертификат – Маошнинг 20 фоиз устамаси
3. Тестда 70 баллдан юқори – 50–70 фоиз устама (баллга қараб).
