2025 йил 20–21 июль кунлари Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабида касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилди. Имтиҳонлар бадиий гимнастика (20 июль) ва спорт гимнастикаси (21-июль) йўналишлари бўйича ташкил этилди.
Мазкур имтиҳонларда ўз салоҳиятини синаб кўрган иқтидорли қизлар ўзининг жисмоний тайёргарлиги, мослашувчанлиги ва техник маҳоратини намоён этди. Жараёнлар спорт стандартларига мос равишда, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди.
Статистика маълумотларига кўра, Оксана Чусовитина номидаги спорт мактабига бу йил 202 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлиб, ҳар бир ўрин учун ўртача 8 нафар номзод даъвогарлик қилган. Бу эса танловнинг қанчалик рақобатли бўлганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, спорт мактабларига қабул икки босқич асосида амалга оширилади:
- Касбий (ижодий) имтиҳон
- Тест синови
Тест синовлари 2025 йил 22 июль куни соат 10:00 да бошланди.
Умуман олганда, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина номидаги спорт мактабларига жами 582 нафар талабгор ҳужжат топширган:
380 нафар — Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактаби
202 нафар — Оксана Чусовитина номидаги гимнастика мактаби
Ҳар бир мактабга 24 нафардан, жами 48 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Эндиликда барча имтиҳон натижалари умумлаштирилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб ва иқтидорли номзодлар танлаб олинади.
