Баҳорги аттестацияда xато саволлар тушган ўқитувчиларга балл қўшиб берилиши айтилмоқда

Баҳорги аттестацияда xато саволлар тушган ўқитувчиларга балл қўшиб берилиши айтилмоқда

Хабарингиз бор, яқинда бир гуруҳ ўқитувчилар аттестация натижаларидан норози бўлиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини юзасидан судга даъво аризаси киритилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Рахимбоевнинг Gazeta.uz нашрига берган маълумотларига кўра, 2025 йил апрель май ойларидаги аттестация имтиҳони бўйича шу вақтга қадар вазирлик 5 марта турли фан ўқитувчилари томонидан судга берилган.

 

 

Уларнинг тўрттасида вазирлик ютган, биттасида эса суд томонидан тайинланган мустақил экспертлар аттестация саволида хатолик мавжудлигини аниқлаган ва вазирлик томонидан даъвогар ўқитувчига балл қўшиб бериладиган бўлган.

 

 

2025 йил апрель май ойларидаги аттестация имтиҳони бўйича яқинда судга киритилган даъво аризаси олтинчиси ҳисобланиб, мазкур суд иши энди кўриб чиқилиши кутилмоқда.

 

Баҳорги аттестацияда қатнашган педагоглар қандай натижа кўрсатди?

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходими Сардор Рахимбоевнинг таъкидлашича, 2025 йил апрель май ойларида ўтказилган аттестация тест синовларида давлат мактабларида фаолият юритаётган 40,9 минг нафар она тили ва адабиёти фани ўқитувчисидан 15 993 нафари қатнашган.

 

 

Аттестация натижаларига кўра:

 

 

– 1 148 нафар (14,6 %) ўқитувчининг малака тоифаси оширилган;

 

– 2 331 нафар ўқитувчининг тоифаси янги 5 йиллик муддатга сақлаб қолинган;

 

– 912 нафар (5,7 %) ўқитувчиларнинг тоифаси пасайган;

 

– 11 697 нафар (73,1 %) ўқитувчилар салбий натижа кўрсатган, аммо улар аттестацияда навбатдан ташқари қатнашгани сабабли тоифаси ўзгармаган.

Хато саволлар учун ўқитувчиларга балл қўшиб берилган

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Рахимбоев хато саволлар учун кўплаб ўқитувчиларга балл қўшиб берилганини айтган.

 

 

«Дунёдаги барча тестлаш тизимларида хато саволлар учраб туради, албатта. Афсуски, тест саволлари орасида шу вақтгача ҳам айрим хатолар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Бу йилги аттестация синовларида ҳам саноқли хато саволлар учраганини тан олиш керак.

 

Бу саволлар учун кўплаб ўқитувчиларга балл қўшиб берилди. Битта саволнинг хатолиги аниқланса, ўша савол кимга тушган бўлса, ҳамма қатнашчиларга балл қўшиб берилади», — деб таъкидлаган у.

 

 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель май ойларидаги аттестация имтиҳони юзасидан шикоят бўйича охирги суд қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.