Сунъий интеллект репетитор вазифасини бажара оладими?

Сунъий интеллект репетитор вазифасини бажара оладими?

Сўнгги йилларда таълимда сунъий интеллект ва виртуал реаллик жадал ривожланмоқда. Айниқса, сунъий интеллект (CI) ва виртуал реаллик (VR) асосидаги лойиҳаларнинг таъсири кучайиб бормоқда. Таҳлилий компания Research & Markets маълумотларига кўра, 2027 йилгача CI ва VR асосидаги таълим бозори ҳажми 15 миллиард долларга етади. 2032 йилга бориб эса бу кўрсаткич яна тўрт баробар ўсиши кутилмоқда. Бунга асосий сабаб — интерактив таълим ўқувчиларнинг эътиборини кўпроқ жалб қилиб, ўрганиш жараёнининг самарадорлигини оширмоқда.

 

 

Бу йўналишда йирик IT компаниялар — Alphabet, Microsoft, Amazon Web Services, IBM, Pearson, McGraw Hill, Coursera, Duolingo ва бошқалар етакчи бўлиб келмоқда. Яна юзлаб EdTech стартаплар таълимни янада қизиқарли ва самарали қилишга интилмоқда.

 

Сунъий интеллект асосида ишлайдиган машҳур таълим платформаларидан бири бу Synthesis Tutor бўлиб, у Илон Маск ташаббуси билан яратилган. 2014 йилда Маск ўз фарзандлари учун одатий мактаб тизимидан фарқли, мураккаб масалаларни ечадиган, янгиликни излаб ўрганишга қизиқадиган болаларни тарбиялайдиган янги таълим моделини яратишга қарор қилган.

 

 

Аввал фақат SpaceX ходимларининг болалари учун мўлжалланган бу платформа бугунга келиб бутун дунё бўйлаб 25 000 дан ортиқ оилага хизмат кўрсатмоқда. Унинг асосий мақсади — математикани болалар учун зерикарли фан эмас, балки қизиқарли ва саргузаштларга бой ўйин шаклига келтириш.

 

 

Synthesis Tutor  — бу 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун яратилган сунъий интеллектли репетитор бўлиб у ҳар бир бола учун индивидуал таълим йўналишини танлайди. Боланинг билим даражасини таҳлил қилиб, қийинчиликларини аниқлайди ва қизиқишларига мослаштирилган машқларни таклиф этади. Шундай қилиб, ўқув жараёни қизиқарли ўйинга айланади. Натижада болалар билим олишдан завқланади, ота-оналар эса фарзандларининг муваффақиятларини мамнуният билан кузатишади.

 

 

CI репетиторининг асосий афзалликлари:

 

 

Шахсий ёндашув — ҳар бир бола ўз тезлигида ўрганади.

 

Зудлик билан фикр билдиради — хатолар дарҳол тўғриланади.

 

Гамификация (ўйинлашган таълим) — ўрганиш ўйинга айланади.

 

Доимий фойдаланиш имкони — исталган вақтда, исталган жойда таълим олиш мумкин.

 

 

Synthesis асосий тамойилга амал қилади: Ҳеч бир мавзу тушуниб бўлмас даражада мураккаб эмас. Муҳими — уни қандай тушунтириш. Платформа дарс мураккаблигини аста-секин оширади. Шу тариқа болаларда қизиқиш сўнмайди. Йиллик обуна нархи атиги 100 доллар бўлиб — бу анъанавий репетитор хизматларига нисбатан жуда тежамкор вариант ҳисобланади.

 

 

Бозорда Synthesis билан бирга ишлаётган бошқа машҳур таълим платформалари ҳам бор:

 

 

Khan Academy — бепул ва нотижорат таълим платформаси бўлиб, сунъий интеллект асосида ҳар бир ўқувчининг даражасига мос материалларни таклиф этади.

 

Duolingo — СИ алгоритмлари ёрдамида чет тилларни ўрганиш учун интерактив ва ўйин усуллари орқали ўргатади.

 

Quizlet — турли мавзулар бўйича интерактив карточкалар, тестлар усуллар ёрдамида билимни мустаҳкамлайди.

 

 

Замонавий ота-оналарнинг энг катта муаммоларидан бири — болаларини экран олдидан олиб чиқиш ва уларнинг вақтини фойдали нарсаларга йўналтириш. СИ асосидаги платформалар бу муаммони ҳал қилади: улар айни ўйинларда мавжуд мотивация механизмларини билим олишга йўналтиради.