Педагогларни аттестациядан ўтказиш тизими халқаро аккредитациядан ўтказилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи Сардор Рахимбоев маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига педагогларни аттестациядан ўтказиш, касбий сертификатлаш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 130-сонли қарори билан педагог кадрларга 70 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланишининг тартиби тасдиқланган эди.
Қарорга кўра, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш тизими халқаро эътироф этилган ваколатли хорижий ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтказилгандан сўнг аттестацияда иштирок этиб, 86 ва ундан юқори балл олган педагогларнинг базавий тариф ставкаларига қўшимча 70 фоиз устама белгиланади.
Бунда қўшимча устама фақат малака синовида (иккала босқичда) иштирок этиб, олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) педагогларга берилади. Белгиланган даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлганлиги сабабли навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан берилган максимал балл эътиборга олинмайди.
Ушбу педагоглар ҳамда мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган малака тоифасига эга педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш орқали устамага эга бўлишлари мумкин. Устаманинг амал қилиш муддати икки йил бўлиб, муддат якунлангандан сўнг устама учун синовларда қайта иштирок этиш мумкин бўлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов АОКА да бўлиб ўтган матбуот анжуманида тизим халқаро аккредитациядан ўтгандан кейингина, олий ва биринчи малака тоифасини олган (ёки сақлаган) ҳамда 86 балл ва ундан юқори натижани қайд этган педагогларга 70 фоизлик устама тўланиши ҳақида маълумот берган эди.
Педагогларга малака тоифаларини бериш жараёнини ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Сардор Рахимбоев Халқталиминфо.уз директори билан бўлган интервьюсида ушбу тизим халқаро аккредитациядан ўтказилгани ва баҳорги аттестациядан бошлаб 86 ва ундан юқори натижаларни қайд этган педагогларгаянги олган тоифаси бўйича ҳақ тўлаш бошланган пайтдан бошлаб 70 фоизлик устама ҳам тўланишини маълум қилди маълум қилди.
«Марказ экспертлари билан тўлиқ аккредитациядан ўтказилди ва Америка ташкилоти томонидан тасдиқланди.
Президентнинг «Тизимни апрель ойигача халқаро аккредитациядан ўтказиш» бўйича топшириқлари бор эди. Бу топшириқни бажаришга биз мажбурмиз, бажарилишига шубҳа қилиш мумкинмас. Бу топшириқ бажарилди ва педагогларга ҳозир ўтказилаётган аттестация натижалари бўйича 70 фоизлик устама берилади», — дейди Сардор Рахимбоев
Эслатма! Педагоглар ҳозирда ўтказилаётган (баҳорги) аттестация натижалари билан 70 фоизлик устама, «Йил ўқитувчиси» ҳамда Вазир устамасига даъворгарлик қилишлари мумкин.
Вазир жамғармасидан устама бериш тартибига ўзгартириш киритиш бўйича Ҳукумат қарорига биноан, кейинги йилдан бошлаб Вазир жамғармаси учун ўтказиладиган биринчи босқич (тест) синовлари ўтказилмайди.
Кейинги босқичга номзод сифатида малака синовларининг биринчи босқич натижаларига кўра, умумий баллнинг камида 80 фоизини қўлга киритган фан ўқитувчилари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари орасидан энг юқори натижани кўрсатган учта номзод танлаб олинади.
2026 йилги Вазир жамғармасидан устама олувчи номзодлар жорий йилги малака синовлари иштирокчилари орасидан танлаб олинади.
