TOP 10 университетлар талабалар учун қандай молиявий ёрдамлар тақдим этади?

TOP 10 университетлар талабалар учун қандай молиявий ёрдамлар тақдим этади?

Дунё миқёсидаги энг нуфузли университетлар халқаро талабаларга молиявий аҳволидан қатъи назар, уларнинг илмий изланишлари ва салоҳиятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор стипендияларни таклиф қилади.

 

Аввалги мақоламизда биз чет элда ўқиш учун грантлар турлари ҳақида маълумот берган эдик эдик, бу сафар эса ТОП 10 та университет томонидан тақдим этиладиган турли молиявий ёрдам турлари ҳақида гаплашамиз.

 

1. Массачусеттс Течнология Институти (MIT)

 

MIT — Massachusetts Institute of Technology

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 4.8%

 

««Mind and Hand» — Массачусетс технология институтининг шиори ҳисобланади. Дунёда фаровонликка ҳисса қўшувчи илм-фан, технология ва илмий изланиш соҳаларидаги билимларни тарғиб қилади.

 

МIТ бешта мактаб (архитектура; муҳандислик; санъат ва ижтимоий фанлар; менежмент; аниқ фанлар) ва битта коллеждан (компьютер технологиялари) иборат мустақил, хусусий молиялаштирилган, қўшма таълим университетидир. МIТ тадқиқотчилари сунъий интеллект, иқлим муаммолари, ОИВ, саратон ва камбағалликни бартараф этиш бўйича катта лойиҳаларнинг бошида туришади. МIТ нинг ўзаги инновацион таълим тамойили бўлиб қолмоқда.

 

MIT scholarships

 

– Бакалавриат

 

МIТ стипендияси — молиявий ёрдамнинг энг кенг тарқалган тури. У эҳтиёжга кўра берилади.

 

Бакалавр босқичида таҳсил олаётган талабаларининг 58% га яқини МIТ стипендияларини олишади, 2022–2023 ўқув йили учун уларнинг ўртача миқдори 63,729 долларни ташкил қилади. Молиявий ёрдам олиш учун ариза бериш учун халқаро талабалар College Student Service профилини ва уларнинг ота-оналари солиқ декларациясини ёки университет кенгашининг ИДОC хизмати орқали даромад ҳужжатларини топширишлари керак.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Талабалар одатда юксак академик қобилият, инновацион тадқиқотлар ёки етакчилик салоҳиятини намойиш этишлари керак.

 

Фойдали томонлари:

 

– МIТ барча қабул қилинган талабалар, шу жумладан халқаро талабаларнинг молиявий эҳтиёжини 100 фоиз кўринишда қоплашга ҳаракат қилади.

 

2. University of Cambridge

 

University of Cambridge

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 15.7% атрофида

 

Кембриж университети дунёдаги энг қадимги ва Буюк Британиядаги энг йирик университетлардан биридир.

 

– Ажойиб илмий ютуқлари билан обрўси бутун дунё бўйлаб танилган ва унинг талабаларининг интеллектуал ютуқларини, шунингдек, университет ва коллежлар ходимлари томонидан олиб борилган жаҳон миқёсидаги тадқиқотларни акс эттиради.

 

– Кембриж университети 100 дан ортиқ бўлимлар, факультетлар ва институтлардан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти ўз веб-сайтларига эга (Батафсил).

 

Халқаро бакалавриат талабалари учун молиявий ёрдам чекланган, бунга Кембриж Ҳамдўстлиги, Европа ва Халқаро ишонч мукофотлари ва мамлакатга хос стипендиялар киради. Бир нечта тўлиқ бакалавриат стипендиялари мавжуд — аксариятида қўллаб-қувватлаш қисман амалга оширилади.

 

Cambridge MBA Scholarship дастури.

 

– Магистратура

 

Дунёнинг етакчи университетларидан бири Буюк Британияда жойлашган Кембриж университетининг МBА дастури етакчи бизнес дастурларидан бири ҳисобланади. Университет томонидан МBА, яъни бизнес бўйича магистратурада ўқимоқчи бўлган талабаларни моддий жиҳатдан қўллаб қувватлаш учун Cambridge University MBA Scholarship дастури ташкил этилган.

 

Дастурга қабул қилинганлар Кембриж таркибидаги Pembroke College’да ўқиш учун моддий ёрдам билан таъминланадилар. Талабалар Foundation курси сифатида 2 ой давом этувчи The Boustany Foundation Internship  амалиётида иштирок этадилар. Амалиётда иштирок этиш учун тураржой ва саёҳат харажатлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилади.

 

Ушбу дастурда аввал иштирок этган талабалар ҳақида ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Дастурда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

 

– Номзод аввал Кембриж университетининг МBА дастурига ҳужжат топширган ва қабул қилинган бўлиши лозим;

– Юқори академик кўрсаткичга эга бўлиши керак;

– Инглиз тилини мукаммал даражада билиши шарт.

 

Фойдали томонлари:

 

Дастурга қабул қилинганлар қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

 

– Ўқиш контракт тўловининг 75% гача қисми қоплаб берилади;

– Дастурга оид сафар ва тураржой харажатлари қоплаб берилади;

– 2 ой стажировка қилиш имконияти.

 

Гейтс Кембриж стипендияси

 

– Магистратура ва  Ph.D

 

Gates Cambridge Scholarship — Гейтс Кембриж стипендия дастури ҳар йили Буюк Британиядан ташқари барча мамлакат фуқароларидан 80 киши учун харажатлари тўлиқ қопланувчи стипендия дастурини таклиф этади. Ушбу квотанинг тахминан, ⅔ қисми PhD талабалари учун бўлади. Стипендия дастурида АҚШдан 25 та ва қолган барча давлатлардан 55 киши учун ўрин мўлжалланган.

 

Танлов мезонлари қуйидагилардан иборат:

 

– Юқор интеллектуал салоҳият;

– Курс танловидаги сабабларнинг асосли эканлиги;

– Ўзгаларнинг ҳаётини яхшилаш ҳисси;

– Етакчилик салоҳияти.

 

Дастурнинг мақсади дунё бўйлаб ўзгаларнинг ҳаётини яхшилашга интилувчан ҳамда етакчилик қобилиятига эга бўлган шахсларни бир нуқтага тўплашдан иборат.

 

Кембриж университетида қуйидаги курслардан бирини ўташ учун ариза бериш мумкин:

 

– PhD (full-time ёки part-time);

– Mlitt — The Master of Letters — Ихтисослашган магистратура (full-time);

– Бир йиллик магистратура (full-time).

 

Эслатма: Ушбу ҳавола орқали берилган курслар учун стипендия ажратилмайди.

 

Дастур стипендияга тайинланган номзоднинг харажатларини тўлиқ қоплайди ҳамда зарур бўлган тақдирда қўшимча ёрдам маблағи ҳам ажратилади.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Дастурда Буюк Британия мамлакатидан ташқари барча давлат фуқаролари ариза топширишлари мумкин;

– Кембриж университетига PhD (тўлиқ ёки ярим штатда), магистратура (тўлиқ штатда) ёки 1 йиллик бакалаврдан кейинги курсга (тўлиқ штатда) ўқишга топшириши керак;

– Номзодлар олдинги ўқиш жойларидан аъло баҳоларга, соҳа доирасида маълум миқдорда тажриба ҳамда тавсияномаларга эга бўлишлари лозим.

 

Фойдали томонлари:

 

– Gates Cambridge стипендияси грант соҳибининг харажатларини тўлиқ таъминлайди;

– Бундан ташқари номзодларга қўшимча ҳамда ихтиёрий молиявий маблағлар ҳам ажратилиши мумкин.

 

Мазкур стипендия тўлаши мумкин бўлган қуйидаги асосий харажатлар қопланади:

 

– Ғолибнинг тегишли ставка бўйича университетда ўқиш тўлови қопланади;

– Битта талаба учун стипендия миқдори 2023–2024 ставкаси бўйича 12 ой учун £20,000 пул миқдорини ташкил қилади;

– PhD олимлари учун грант 4 йилгача амал қилади;

– Ўқиш бошланиши ва тугашидаги бориш-келиш авиачипта тўловлари қопланади;

– Кириш визаси харажатлари ва суғурта харажатлари тўлиқ тўлаб берилади.

 

Бундан ташқари қўшимча қўллаб-қувватлаш учун номзодларга қуйидаги молиявий ёрдам тури ҳам берилиши мумкин:

 

– Академик ривожланишни молиялаштириш — конференциялар ва курсларда қатнашиш учун курс давомийлигига қараб £ 500 дан £ 2,000 гача;

– Оилавий нафақа — битта бола учун 11 604 фунт стерлинггача ва икки ёки ундан ортиқ бола учун 16,548 фунт стерлинггача (2023–24 ставкаси). Турмуш ўртоқ учун пул ажратилмайди;

– Номзод докторлик диссертациясининг бир қисми сифатида дала ишларида бўлган тақдирда одатдаги техник нафақани сақлаб қолиш учун ариза беришлари мумкин;

– Оналик/оталикни молиялаштириш. Агар керак бўлса, стипендиат 6 ойгача ўқишни тўхтатиш учун ариза топшириши ва шу вақт ичида парваришлаш учун нафақа олишни давом эттириши мумкин;

– Қийинчиликларни молиялаштириш. Номзод дуч келадиган кутилмаган қийинчиликлар учун мўлжалланган.

 

Эслатма: Агар иштирокчи иш берувчидан маош олаётган бўлса ёки бошқа катта стипендияга эга бўлса, The Trust (ҳомий) стипендия миқдорини камайтириш ёки тўламаслик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Агар номзод Кембриждаги илмий даражаси учун бирон-бир маблағ ажратилган бўлса, бу ҳақда маълумот бериши лозим.

 

Кўпгина харажатлар стипендия томонидан қопланади, аммо Гейтс Кембриж дастгоҳ тўловлари ёки илмий асбоб-ускуналар ёки шунга ўхшаш академик ресурслар харажатларини қопламайди. Бундай асосий курс харажатлари Кембриждаги академик бўлим томонидан қопланишини кутилмоқда.

 

3. Оксфорд университети

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 22%

 

Оксфорд университетида асосий кампус мавжуд эмас, унинг бинолари ва иншоотлари ўрнига ўрта аср шаҳар маркази атрофида тарқалган. Университетда тўртта академик бўлим мавжуд:

 

– Humanities Division (www.humanities.ox.ac.uk);

– Mathematical, Physical & Life Sciences Division (www.mpls.ox.ac.uk);

– Medical Sciences Division (www.medsci.ox.ac.uk);

– Social Sciences Division (www.socsci.ox.ac.uk).

 

Аниқ фанлар ва тиббиёт бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

 

Талабалар ўз вақтларини ўқишга сарфлашлари ёки кўплаб дарсдан ташқари машғулотларга қатнашишлари мумкин. Оксфорд спорт бўйича ҳам юқори ўринлардан бирини эгаллайди, унинг энг яхши эшкак эшувчилари ҳар йили Темза дарёсида Кембриж университети билан дунёга машҳур қайиқ пойгасида қатнашадилар.

 

Palgrave Brown Scholarship

 

– Бакалавриат

 

Палгрейв Браун стипендияси Palgrave Brown Bursary Fund томонидан ташкил этилган бўлиб, у молиявий ёрдамга муҳтож бўлган баъзи мамлакат бакалавр талабаларини молиялаштиради.

 

Мақбуллик шартлари:

– Грантлар молиявий эҳтиёж асосида берилади ва академик ютуқлар ҳам ҳисобга олинади.

– У қисман моддий ёрдам бўлганлиги сабабли ушбу стипендия потенциали кучли талабаларга устунлик берилади.

 

Фойдали томонлари:

– Дастур давомийлигига қараб 3 ёки 4 йил давомида молиявий ёрдам берилади.

– Яшаш харажатлари учун камида £ 14,085 йиллик грант.

– Олти йиллик тиббиёт дастурларида таҳсил олаётган талабалар ўқишнинг дастлабки тўрт йили учун маблағ оладилар.

 

Clarendon гранти

 

– Магистратура ва докторантура

 

Clarendon гранти ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан бўлган бакалавр босқичини тамомлаган турли соҳа вакиллари учун тўлиқ молиялаштириладиган грантни эълон қилади. Грант магистратура ва докторантура босқичини Оксфорд университетида ўқиш имконини яратиб беради. Шунингдек, иштирокчилар нафақат узлуксиз таълим (full-time), балки сиртқи таълим (part-time) шаклида ўқиш учун ҳам ариза топшириш имконига эгалар. Оксфорд дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. Clarendon гранти эълон қилинган йил, яъни 2001 йилдан бошлаб 2,500 дан ортиқ номзодлар грант соҳибига айланган. Ушбу дастур номзодларга нафақат ҳаётларида бурилиш нуқтасини ясовчи Оксфорд университетида ўқиш имконини, балки жамиятда узоқ давом этадиган ижтимоий, академик ва профессионал алоқаларни ўрнатишга ёрдам беради.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Иштирокчилар инглиз тилини билишлари шарт. Сертификатнинг сўраладиган бали эса номзод топширадиган йўналишига қараб фарқ қилади;

– Дастурда барча миллат вакиллари ўзлари истаган йўналишдаги магистратура ёки докторантура босқичида ўқишлари мумкин. Грантнинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳати шундаки, ушбу дастур бутун дунё бўйлаб академик кўрсаткичи юқори, фаол ва ҳаракатчан талабаларни саралаб олади;

– Саралаш жараёнида номзодларнинг академик кўрсаткичлари ва муваффақиятларига асосий эътибор қаратилади. Иштирокчиларнинг академик кўрсаткичлари GPA тизимида 4 дан камида 3,7 бўлиши лозим (балли тизимда 100 баллдан 96 баллга тўғри келади);

– Номзодлар грантни ютиш ва университетда ўқишга бўлган иштиёқи, қобилияти ва академик потенциалларини ариза топшириш жараёнида, яъни мотивацион хат, тавсиянома ва тадқиқот режаси каби ҳужжатларда намоён қилиб бера олишлари лозим. Саралаш жараёнида ушбу ҳужжатлар асосий ўрин тутади.

 

Фойдали томонлари:

 

– Дастур ғолиблари университетда ўқиш учун контракт пулидан озод қилинадилар;

– Талабаларга ўқиш давомида стипендия тақдим этилади;

– Ўқиш давомидаги яшаш харажатлари ҳам грант томонидан қоплаб берилади. Шу аснода дастур маъмурияти талабаларнинг фақатгина ўқишга эътибор қаратишларини таъминлашни режалаштирган;

– Яратиб берилган имкониятлар орқали грант соҳиблари ўқиш давомида Оксфорддаги актив ҳаётни яшаш имкони ва энг муҳими, дарслардан бўш вақтда дам олиш ҳамда янги дўстлар орттириш имконига эга бўлишади;

– Грантнинг сиртқи таълим (парт-тиме) шаклида ўқиётган талабаларига эса фақатгина ўқиш билан боғлиқ тўловлар тўлаб берилади.

 

Oxford-Pershing Square Graduate Scholarships

 

– Магистратура

 

Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларидан бири University of Oxford олийгоҳи Оксфорд 1+1 МBА дастурида ўқишни хоҳловчилар учун Oxford-Pershing Square Graduate Scholarshipsдастурини таклиф қилади. Дастурда академик ва ижтимоий жиҳатдан фаол, кучли билим ва салоҳиятга эга бўлган номзодлар иштирок этиши мумкин.

 

Дастурга қабул қилинганлар дунёнинг энг нуфузли университетида бепул ўқиш, кучли профессорлар дарслари орқали ўз билим ва тажрибаларини ошириш билан бирга дастур давомида йиллик стипендия билан ҳам таъминланадилар.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Дастурда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

 

– Номзод ушбу университетнинг Оксфорд 1+1 MBAдастури талабларига жавоб бериши ва ўша дастур учун ҳужжат топширган бўлиши керак;

– Ҳозирда магистратура ёки PhD курсини ўқиётган ва уни тамомлагандан сўнг академик таътилларсиз MBAга ҳужжат топшираётган Оксфорд талабалари иштирок этиши мумкин;Юқори академик кўрсаткичга ва GMAT/ GRE сертификати ёки бошқа мукофотларга эга бўлиши лозим;

– Кучли етакчилик қобилиятига эга бўлиши ва уни ариза топшириш жараёнида кўрсатиб бера олиши керак;

– Оксфорд 1+1 MBA дастури келажакдаги карьераси учун қандай аҳамиятга эгалигини тўлиқ исботлай олиши лозим;

– Инглиз тилини мукаммал даражада билиши шарт.

 

Фойдали томонлари:

 

Дастурга қабул қилинган номзодлар қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

 

– Дастур давомида ўқув контракт тўловидан озод этилади;

 

– 2 йиллик ўқиш давомида яшаш харажатлари учун йиллик £17,668 ($22,238) стипендия билан таъминланади.

 

4. Гарвард университети

 

Harvard University

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 4.92%

 

Гарварддаги тўрт йиллик кундузги бакалавриат дастурига оз сонли талабалар қабул қилинади.

 

– Гарвард 49 та йўналишни таклиф қилади, уларнинг аксарияти фанлараро ва олдиндан белгиланган ўқув режаси йўқ: талабалар ўз режа ва мақсадларига кўра йўналишларини танлашади.

– Гарвард университетига ҳужжат топшириш Эверест чўққисига чиқишга ўхшайди. Фақат энг кучлиларгина муваффақият қозонади. Аммо киргандан сўнг, қандай молиявий ёрдам олиш ҳақида ўйлаш керак эмас. Гарвард давлат университетларига қараганда америкаликларнинг 90 фоизи учун арзонроқ ва халқаро талабалар ҳам америкалик талабалар билан бир хил молиявий ёрдам олишади.

 

Молиявий ёрдам

 

– Бакалавриат

 

Гарвард энг истеъдодли талабаларни қабул қилгани боис уларнинг молиявий аҳволидан қатъий назар иккита муҳим тамойилга амал қилади:

 

– Need-blind admissions. Сизнинг молиявий эҳтиёжингиз ва ёрдам учун аризангиз Гарвардда ўқиш имкониятингизга ҳеч қачон таъсир қилмайди.

– 100% эҳтиёжга асосланган ёрдам. Талабанинг қобилиятига эмас, балки пулга муҳтожлигига қаралади. Бу, шунингдек, full-ride scholarship бўлиб, талабаларнинг барча харажатлари қоплаб берилади.

 

Эслатма!

 

Parent-contribution. Университет ривожига ҳисса қўшиш учун барча талабалар оиласи ҳисобидан ўқиши учун маълум миқдорда пул ўтказиши керак. Кўпгина оилалар учун бу оила даромадининг нолдан 10 фоизигача ҳисобланади. Катта мол-мулки бўлган оилалардан кўпроқ тўлаш талаб қилинади, аммо уй-жой капитали ва пенсия активлари молиявий эҳтиёжни баҳолашда ҳисобга олинмайди. Net price calculator ҳисоблаш учун. Ўзбекистонлик талабалар бундан хавотирга тушмаса ҳам бўлади, чунки йиллик даромади мезонда белгиланганга қараганда анча кам.

 

Student contribution. Гарвард таълимининг асосий мезони сифатида барча талабалар ўзларининг ўқиш харажатларига ҳисса қўшишлари кутилади. Сизга бериладиган молиявий ёрдам мукофоти ўз даромадингиздан кутилаётган маблағни ўз ичига олади. Аксарият талабалар талабалар бунинг учун ишлайдилар, ташқи мукофотлар ёки талаба кредитларидан фойдаланадилар.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Бакалавр талабалари Гарвард университетида молиявий ёрдам олишлари мумкин. Маҳаллий ва халқаро талабалар бир хил молиявий ёрдамга ариза топшириш тартибига риоя қилишлари керак.

– Ариза берувчилар ўзларининг молиявий аҳволи, жумладан, мукофотлар, оилавий активлар ва даромадлар ҳақида батафсил маълумот беришлари керак.

– Молиявий ёрдам фақат молиявий эҳтиёжини кўрсата оладиган талабаларга берилади, чунки ёрдамнинг қиймати кўрсатилган эҳтиёжга боғлиқ.

 

Фойдали томонлари:

 

– Ўқиш, турар жой, транспорт, озиқ-овқат ва қўшимча харажатларни тўлиқ қоплайди.

 

5. Стенфорд университети

 

Stanford University

 

Қабул қилиш даражаси: 4.34%

 

1885 йилда асос солинган ва 1891 йилда талабалар учун ўз эшикларини очган Стенфорд университети илм-фан, кашфиётлар ва инновациялар маконидир.

 

8180 гектар майдонни эгаллаган ва 600 дан ортиқ биноларни ўз ичига олган университет кампуси нафақат ўзининг ҳажми, балки илмий-тадқиқот ютуқлари билан ҳам ажралиб туради. Университетда 7,841 талаба ва 9,688 битирувчи таҳсил олмоқда, уларни 2,323 профессор-ўқитувчилар, жумладан Стенфорд ҳамжамиятининг бир қисми бўлган 20 нафар Нобел мукофоти совриндорлари қўллаб-қувватлайди.

 

Академик жиҳатдан Стенфорд ўзининг еттита мактабида бакалавриат ва магистратура дастурларининг кенг танловларини таклиф этади:

 

Бизнес

Doerr Барқарорлик мактаби

Таълим

Муҳандислик

Ижтимоий фанлар

Ҳуқуқ

Тиббиёт

 

Молиявий ёрдам:

 

– Бакалавриат

 

Стенфорд ҳар томонлама, эҳтиёжга асосланган молиявий ёрдамни таклиф қилади, бу эса барча қабул қилинган бакалавр талабаларига таҳсил олиш имконини беради. Аммо халқаро бакалавр талабаларига чекланган ҳолда молиявий ёрдам берилади.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Ушбу ёрдамга эга бўлиш учун халқаро талабнома берувчилар ўқишга киришда молиявий ёрдамга муҳтожлигини кўрсатишлари керак. Қабул қилинган талабалар ўз оилаларининг молиявий шароитларига қараб ёрдам маблағларни олади;

– Қабул жараёнида молиявий ёрдам сўрамаган халқаро талабалар Стенфордда бакалавриат босқичида ўқиш давомида ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

– Бироқ, агар халқаро талабанинг мақоми ўзгарса ва у ўқиш вақтида федерал талаба ёрдами олиш ҳуқуқига эга бўлса, у мақоми ўзгарган вақтдан бошлаб эҳтиёжга асосланган стипендия олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

 

Фойдали томонлари:

– Ўқиш, турар жой, транспорт, озиқ-овқат ва қўшимча харажатларни тўлиқ қоплайди.

 

Knight-Hennesy Scholars

 

– Магистратура ва докторантура

 

Стенфорд университетидаги Knight-Hennessy Scholars дастури глобал муаммоларга самарали ечим топишга интилган аспирантларнинг фанлараро ҳамжамиятини ривожлантириш учун мўлжалланган таниқли стипендиядир.

 

Дастур иштирокчилари Стенфорд университетида ўқиш давомида нафақат чуқур академик билимга эга бўладилар, балки Knight-Hennessy Fellows ҳамжамиятидаги кенг кўламли фанлар ва имкониятлари билан танишадилар. Дастур Стенфорддаги ҳар қандай магистратура ва докторантура йўналишини, шу жумладан қўшма ва икки томонлама дипломларни тўлиқ молиялашни таъминловчи дунёдаги энг йирик стипендия дастури сифатида тавсифланади.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Биринчидан, Knight-Hennessy Scholars (KHS) дастурига ариза топширишдан ташқари, сиз Стенфорд университетининг кундузги: MA, JD, Магистратура, MBA, MD, TIV, MPP, MS, PhD  ва бошқа дастурларига қабул қилинган бўлишингиз лозим. Қуйидаги тўртта шартдан камида биттасини бажаришингиз керак:

 

  1. Сиз бир вақтнинг ўзида кундузги дастур бўйича ҳам KHS, ҳам Стенфорд университетига ҳужжат топширасиз ва иккала ўқишни бошлаб юборасиз.
  2. Сизга аллақачон Стенфорд университетининг кундузги дастурида ўишни таклиф қилишган, аммо сиз уни рад этгансиз ва KHS билан иккаласини бир йилда бошлаш учун KHSга ҳужжат топширасиз.
  3. Сиз ҳозир Стенфорд университети талабасисиз ва янги дастурда ўқишни бошлаш учун Стенфорд университетининг иккинчи кундузги дастурида ўқиш учун KHSга ариза топширасиз.
  4. Сиз Стенфорд университетида PhD йўналишида биринчи босқич талабасисиз ва KHSда ўқишни аспирантуранинг иккинчи йилида бошлаш учун ҳужжат топширмоқдасиз.

 

Фанлар ва соҳалар учун квоталар аниқ белгиланмаган. Эътибор беринг, Стенфордда камида икки йил ўқиганларга устунлик берилади.

 

Иккинчидан, сиз 2017 йил январь ойида ёки ундан кейин АҚШ университетлари ёки бошқа тан олинган университетлардан бакалавр даражасини олган бўлишингиз керак. Ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентлар учун муддат икки йилга узайтирилган, яъни 2015 йилдан бошлаб ҳисобланади.

 

Фойдали томонлари:

 

– Дастур уч йиллик ўқиш, турар жой, академик харажатлар ва саёҳат учун маблағни ўз ичига олади;

 

– Knight-Hennessy Scholars дастури етакчилик қобилиятини ривожлантириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш ва аҳоли тафаккурини шакллантиришга урғу беради;

 

– Стипендиятлар турли хил семинарлар, маърузалар, лойиҳалар ва соҳавий тажрибаларни ўз ичига олган King Global Leadership дастурида иштирок этадилар.

 

– Битирувчилар мураккаб глобал муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлган ва узоқни кўра оладиган, жасур ва ҳамкорликка тайёр бўлган етакчиларга айланишлари мумкин. Улар иқлим ўзгариши, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, сиёсат ва таълим каби дунё олдида турган муҳим муаммолар ва имкониятларни ҳал қилишга тайёрланишади.

 

Батафсил: Knight-Hennessy Scholars (stanford.edu)

 

6. Империал Лондон Коллежи

 

Imperial College London

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 40%* (Аниқ маълумотлар берилмаган)

 

Лондон Империал коллежи дунёга машҳур илм-фан, технология, муҳандислик, тиббиёт ва бизнес (STEMB) институти бўлиб, тадқиқотга асосланган таълим ва глобал муаммоларни ҳал этишга қўшган катта ҳиссаси билан тан олинган.

 

«Be of Use» шиори остида университетга асос солган Империал ўзини илм-фан орқали коинотни тушуниш ва одамлар ҳаётини яхшилашга бағишлади.

 

Erasmus Mundus Joint Masters стипендияси

 

– Магистратура

 

Сиз Лондон Империал коллежида ўқишингиз учун Erasmus Mundus Joint Masters стипендиясини ютиб олишингиз мумкин. Erasmus Mundus қўшма магистратура дастурлари Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатларнинг олий таълим муассасалари консорциумлари томонидан яратилган юқори даражадаги интеграциялашган ўқув дастурларидир.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Erasmus Mundus стипендиясини олиш учун сиз бакалавр даражасига эга бўлишингиз ёки магистратура дастурини бошлашдан олдин уни якунлашни режалаштирган бакалавр даражангизнинг охирги йилида бўлишингиз керак.

– Дастурлар камида учта таълим муассасаси томонидан биргаликда олиб борилади ва дарслар, тадқиқот, амалиёт, тайёргарлик ва диссертацияни ўз ичига олиши мумкин.

– Муваффақиятли номзодлар консорциум институтларидан қўшма даража ёки бир нечта даражаларга эга бўладилар.

 

Фойдали томонлари:

 

– Ушбу нуфузли дастурлар халқаро ҳамкорлик орқали олий таълим сифатини оширишга ва бутун дунё бўйлаб энг яхши талабаларга тўлиқ стипендиялар тақдим этишга қаратилган.

– Грантлар магистрлик дастурининг бутун муддати давомида иштирок этиш, саёҳат, виза ва турар жой харажатларини қоплайди.

 

7. Швейтсария Федерал технология институти Тюрих

 

ETH Zurich

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 8%

 

ETH Zurich халқаро талабалар учун турли стипендиялар ва молиявий ёрдам имкониятларини таклиф этади, бу ҳам яшаш харажатларини, ҳам академик ўқишни қўллаб-қувватлайди. Муассасанинг таъкидлашича, ўқишни молиялаштириш биринчи навбатда талабалар ва уларнинг оилаларига тегишли бўлсада, ETH Zurich молиявий имкониятларга асосланган ёрдамчи ижтимоий стипендияларни тақдим этиши мумкин, аммо улар яшаш ва ўқиш харажатларини тўлиқ қопламайди.

 

Excellence Scholarship & Opportunity Programme

 

– Магистратура

 

Швейцариядаги дунёнинг топ 10 талик университетларига кирувчи  ETH Zurich бакалавр босқич баҳолари юқори бўлган талабаларга магистратура босқичида ўқиш учун Excellence Scholarship & Opportunity Programme дастурини тақдим қилади.

 

Иштирокчилар магистратура босқичида ўзи танлаган академик дастур бўйича чуқур билимга ва унинг бир ёки бир нечта жиҳатларига эга бўлишади. Дастур давомида талабалар контракт тўловидан озод қилинади ҳамда яшаш ва ўқиш харажатлари қопланади.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Бакалавр баҳолари аъло даражада бўлиши (ўз бакалавр дастурида топ 10% ичида);

– ETH Zurich Университети магистратура талабларига жавоб бериши ва унга қабул қилиниши (грант учун алоҳида ҳужжат топширилади);

– Агар номзод аллақачон Швейцария ETH магистрлик дастурига қабул қилинган ёки магистр даражасига эга бўлса, ушбу дастурга ҳужжат топшира олмайди.

 

Ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.

 

Фойдали томонлари:

 

– Ўқув тўловидан озод қилинади;

– Яшаш ва ўқиш харажатлари учун ҳар бир семестрда 12,000 CHF ($13,000) ажратилади.

 

Swiss Government Excellence Scholarships for Foreign Scholars and Artists

 

– PhD

 

Шветсария ҳукуматининг хорижий олимлар ва рассомлар учун стипендиялари (тадқиқот стипендияси) ҳисобланади.

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Камида магистр даражасига эга бўлиш ва илмий раҳбар тайинланган бўлиши керак.

 

Фойдали томонлари:

 

– Мамлакатга қараб ҳар ойлик стипендия берилади.

 

Агар сиз магистратурани тамомлаганингиздан сўнг Шветсарияда тадқиқот олиб боришни режалаштирмоқчи бўлсангиз, ушбу стипендия сизга керакли ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Шветсария ҳукумати 180 дан ортиқ мамлакатлардан келган талабаларга ойлик грант таклиф қилади. У айниқса магистратура ёки PhD даражасини тамомлаган халқаро ёш тадқиқотчиларга қаратилган.

 

8. National University of Singapore (NUS)

 

NUS — National University of Singapore

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 36%* (Аниқ маълумотлар мавжуд эмас)

 

Сингапур Миллий Университети (NUS) Сингапурда жойлашган нуфузли давлат тадқиқот университетидир. У нафақат сифатли таълим тақдим этади, балки кўплаб фанлар бўйича Осиё ва дунё учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал қилувчи тадқиқот маркази саналади. Университет инновацион ғояларни ривожлантириш учун саноат, ҳукумат ва бошқа турли муассасалар билан фаол ҳамкорлик қилади.

 

SINGA грант дастури

 

– PhD

 

Сингапур Халқаро битирувчилар мукофоти (SINGA) Нанянг Технология Университети (NTU), Сингапур Миллий Университети (NUS), Сингапур Технология ва Дизайн Университети (SUTD), Сингапур Менежмент Университети (SMU) ва A*STAR фан ва технология агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.

 

Юқоридаги университетлардан бирига ёки A*STAR тадқиқот агентлигига қабул қилинсангиз, юқори малакали ва тажрибали профессорлар билан докторлик диссертациясини ёқлаш имкониятига эга бўласиз. Мукофот ўқиш тўловларини, тураржой харажатларини ўз ичига олади

 

Мақбуллик шартлари:

 

– Тадқиқот қилишга қизиқувчи ва юқори академик салоҳиятга эга барча халқаро талабалар ариза топширишлари мумкин;

– Инглиз тилида ёзма ва оғзаки кўникмалари яхши бўлиши;

– Академик даражага эга инсонлардан тавсияномаларга эга бўлиш.

 

Эслатма: Юқоридаги талаблар топшираётган йўналишингизга қараб ўзгариши мумкин.

 

Фойдали томонлари:

 

Грант PhD (Докторантура) босқичи учун 4 йил мобайнида қуйидагиларни қоплайди:

 

– Контракт;

– Ойлик 2200 Сингапур доллари миқдорида стипендия, малака имтиҳони топширгандан кейин 2700 долларга оширилади;

– 1500 Сингапур доллари миқдоридаги авиачипталар учун бир марталик грант;

– 1000 Сингапур доллари миқдоридаги турар-жой учун бир марталик молиявий ёрдам.

 

Эслатма: Талабалар ётоқхонасида туриш имконияти асосан биринчи курс талабаларига берилади.

 

Дастурнинг фойдали жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотни ушбу ҳавола орқали олиш мумкин.

 

9. UCL (University College London)

 

UCL — Londonʼs Global University

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 36%* (Аниқ маълумотлар мавжуд эмас)

 

Лондон Университет коллежи (UCL) Лондоннинг марказида жойлашган кўп тармоқли ажойиб таълим муассасасидир.

 

1826 йилда ташкил этилган UCL ўзининг хилма-хиллик ва инклюзивлик билан ажралиб туради.

 

Университетда 150 дан ортиқ мамлакатлардан 50 000 дан ортиқ талабалар бор, уларни 16 000 дан ортиқ ходимлар қўллаб-қувватлайди. Университетнинг таълим ва тадқиқотга бўлган ёндашуви анъанавий доноликка қарши чиқиш, жамиятни бошқача фикрлашга ва ҳақиқий муаммоларни ҳал қилишга ундашга қаратилган.

 

UCL доимий равишда дунёнинг энг яхши университетлари қаторига киради, бу унинг тадқиқот, таълим сифати ва инновациялардаги мукаммаллигини акс эттиради. Университет Буюк Британияда ўзининг тадқиқот кучи билан танилган ва таълим ва тадқиқотга таъсири бўйича дунёда биринчи ўнталикка кирган бир нечта фанларга эга.

 

UCL Global Masters  стипендияси

 

– Магистратура

 

Ушбу стипендия даромади паст бўлган халқаро талабаларга University College Londonда магистратурада ўқишга кириш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган.

 

Ушбу дастур ёши, миллати дини ва ирқидан қатъий назар дунё бўйлаб магистратура босқичини Буюк Британияда ўқиш истагида бўлган ҳамда бакалавр босқичини тамомлаган ёшлар учун мўлжалланган.

 

Дастурга қабул қилинган номзодларга £15,000 миқдорида стипендия ажратилади ва ушбу стипендия биринчи навбатда ўқув тўловларини қоплашга ҳамда йил давомида талабанинг бошқа таъминотлари учун сарфланади.

 

Дастур ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Дастурда қатнашиш учун номзодлардан қуйидагилар талаб этилади:

 

– Номзод чет элда тўлов ставкасини тўлаш ҳуқуқига эга бўлиш керак;

– Келиб чиқиши паст даромадли оиладан бўлиши лозим;

– 2024/25 йилда University College Londonда кундузги (full-time) магистратурага қабул учун ариза топширган бўлиши керак.

 

Ушбу дастурга ариза топшириш учун номзоддан қуйидагилар талаб этилади:

 

– Номзоднинг энг юқори академик малакаси, уни қачон, қаерда, қайси ўқув масканида ва қайси соҳада битиргани ҳақида маълумот берилиши керак (Мисол учун, e.g. BSc Economics, UCL, UK, 2015);

– Бакалавр даврида эришилган баҳолар ҳақида маълумот. Баҳоларни Буюк Британия эквивалентига ушбу ҳавола орқали ўгириш мумкин;

– Оилавий кирим ҳақида маълумот берилиши керак. Агар номзод ёлғиз яшаса ва ўзини-ўзи таъминласа, у ҳолда фақат ўзининг кирим миқдори ҳақида маълумот беради.

 

Дастур мақбуллик шартлари ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

Фойдали томонлари:

 

Дастурга қабул қилинган номзодлар қуйидаги имтиёзларга эга бўлади:

 

– Стипендия, унинг миқдори £15,000 ни ташкил этади;

– UCL Global Masters стипендияси стипендиялар ёки мукофотлар тарзида берилиши мумкин. UCL мукофотининг миқдори талаба томонидан олинган бошқа маблағларнинг умумий қийматига қараб ўзгартирилиши мумкин.

– Грант биринчи навбатда талабанинг ўқиш тўлови учун қўлланилади. Қолган қисми ўқув йили давомида таъминот учун учга бўлиб тўланади.

 

Эслатма: Ушбу стипендия фақат бир ўқув йили учун амал қилади.

 

Дастур мақбуллик шартлари ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

10. Калифорния университети, Беркли (UCB)

 

University of California Berkeley

 

Қабул қилиниш эҳтимоли: 11.6 %

 

1868 йилда асос солинган Калифорния университети, Беркли (UCB) давлат тадқиқот университети ва Калифорния университети тизимига алоқадор ўнта тадқиқот университетларининг етакчи институтидир.

 

Беркли Америка Университетлари Ассоциациясининг 14 та асосчи аъзоларидан бири бўлиб, унда дунёга машҳур тадқиқот институтлари, жумладан, математика фанлари тадқиқот институти ва космик фанлар лабораторияси жойлашган.

 

Беркли битирувчилари, профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари орасида 99 та Нобел мукофоти совриндорлари, 23 нафар Tyuring мукофоти совриндорлари ва 14 нафар Pulitser  мукофоти совриндорлари бор.

 

Молиявий ёрдам

 

– Бакалавриат

 

Бу эҳтиёжларига асосланган молиявий ёрдам фақат энг кўп молиявий эҳтиёжга эга бўлган ва молиявий аҳволида сезиларли ўзгаришларни бошдан кечирган халқаро талабалар учун мўлжалланган. Доимий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланмаган ва тўлиқ ўқиш тўловларни қопламайди.

 

Мақбуллик шартлари:

 

Америка Қўшма Штатларидаги кўплаб университетларда халқаро талабалар молиявий ёрдам олишлари осон эмас. Бунда улар федерал, штат ва эҳтиёжга асосланган университет молиявий ёрдамини олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

 

Фақат АҚШ фуқаролари, фуқаролиги бўлмаганлар ва АБ 540 талаблари бўлган талабалар федерал, штат ва/ёки эҳтиёжга асосланган молиявий ёрдам олишлари мумкин. Аммо шундай бўлсада, UC Беркелей халқаро талабалар учун бир қанча стипендия имкониятларини таклиф қилади. Қуйида бир нечта тавсиялар бериб ўтамиз:

 

– Тадқиқот стипендиялари. АҚШ ва ўз мамлакатингиздаги хусусий ташкилотларнинг стипендияларини қидиринг. Грантлар ва стипендиялар таклиф этувчи тегишли ташкилотларни топиш учун таълим соҳангиз бўйича изланинг.

– Факультет стипендиялари ёки грантлари. Сизни қизиқтирган факультетда таҳсил олувчи талабалардан турли стипендиялар ҳақида билиб олинг.

– Магистратура талабаларини қўллаб-қувватлаш. Агар сиз магистратура талабаси бўлсангиз, ҳар бир бўлим томонидан бошқариладиган магистратура талабаси тадқиқотчиси ва магистратура талабалари ўқитувчиларидан молиявий ёрдам ҳақида сўранг.

 

Юқорида келтирилган стипендия ва грантлар сизга энг яхши университетларда таҳсил олишингиз учун ёрдам беради. Фақат изланишдан тўхтаманг ва молиявий ёрдам олиш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиринг.