Оксфордда магистратура ва докторантура босқичи учун тўлиқ молиялаштириладиган гранти дастури

Оксфордда магистратура ва докторантура босқичи учун тўлиқ молиялаштириладиган гранти дастури

Clarendon гранти ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан бўлган бакалавр босқичини тамомлаган турли соҳа вакиллари учун тўлиқ молиялаштириладиган грантни эълон қилади.

 

Грант магистратура ва докторантура босқичини Оксфорд университетида ўқиш имконини яратиб беради. Шунингдек, иштирокчилар нафақат узлуксиз таълим (full-time), балки сиртқи таълим (part-time) шаклида ўқиш учун ҳам ариза топшириш имконига эгалар. Оксфорд дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. Clarendon гранти эълон қилинган йил, яъни 2001 йилдан бошлаб 2,500 дан ортиқ номзодлар грант соҳибига айланган. Ушбу дастур номзодларга нафақат ҳаётларида бурилиш нуқтасини ясовчи Оксфорд университетида ўқиш имконини, балки жамиятда узоқ давом этадиган ижтимоий, академик ва профессионал алоқаларни ўрнатишга ёрдам беради.

 

2026 йилги мавсум учун дастурга 200 дан ортиқ номзодлар саралаб олинади. Январь ойигача Оксфорд университетига ҳужжат топширганлар Clarendon гранти учун алоҳида ариза топширишлари шарт эмас, яъни автоматик равишда грант номзодига айланишади. Дастур иштирокчиларининг ўқиш контракти ва бошқа харажатлари тўлиқ қоплаб берилади, шунингдек, талабалар маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланади. Грант соҳиблари ўқиш мобайнида стипендияни ҳам қўлга киритишади.

 

Дастурга ариза қабули қилиш 2026 йил январь ўрталаригача давом этади.

 

Дастур ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

 

Мақбуллик шартлари

 

Дастурда иштирок этиш учун қуйидаги талаблар мавжуд:

 

  • Номзодлар 2025 йил декабрь ёки 2026 йил январьга қадар Оксфорд университетидан ўзларига тегишли йўналишни танлаб ҳужжат топширишган бўлишлари лозим;
  • Иштирокчилар инглиз тилини билишлари шарт. Сертификатнинг сўраладиган балли эса номзод топширадиган йўналишига қараб фарқ қилади;
  • Дастурда барча миллат вакиллари ўзлари истаган йўналишдаги магистратура ёки докторантура босқичида ўқишлари мумкин. Грантнинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳати шундаки, ушбу дастур бутун дунё бўйлаб академик кўрсаткичи юқори, фаол ва ҳаракатчан талабаларни саралаб олади;
  • Саралаш жараёнида номзодларнинг академик кўрсаткичлари ва муваффақиятларига асосий эътибор қаратилади. Иштирокчиларнинг академик кўрсаткичлари ГПА тизимида 4дан камида 3,7 бўлиши лозим (балли тизимда 100 баллдан 96 баллга тўғри келади);
  • Номзодлар грантни ютиш ва университетда ўқишга бўлган иштиёқи, қобилияти ва академик потенциалларини ариза топшириш жараёнида, яъни мотивацион хат, тавсиянома ва тадқиқот режаси каби ҳужжатларда намоён қилиб бера олишлари лозим. Саралаш жараёнида ушбу ҳужжатлар асосий ўрин тутади.

 

Дастур талаблари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

 

Фойдали томонлари

 

Дастурнинг қуйидаги фойдали жиҳатлари мавжуд:

 

  • Дастур ғолиблари университетда ўқиш учун контракт пулидан тўлиқ озод қилинадилар;
  • Талабаларга ўқиш давомида ҳар йили стипендия тақдим этилади; 2023-24 ўқув йилида қабул қилинган талабаларга 18,622 фунт-стерлинг миқдорида стирендия берилган;
  • Ўқиш давомидаги яшаш харажатлари ҳам грант томонидан қоплаб берилади. Шу асносида дастур маъмурияти талабаларнинг фақатгина ўқишга эътибор қаратишларини таъминлашни режалаштирган;
  • Яратиб берилган имкониятлар орқали грант соҳиблари ўқиш давомида Оксфорддаги актив ҳаётни яшаш имкони ва энг муҳими, дарслардан бўш вақтда дам олиш ҳамда янги дўстлар орттириш имконига эга бўлишади;
  • Грантнинг сиртқи таълим (part-time) шаклида ўқиётган талабаларига эса фақатгина ўқиш билан боғлиқ тўловлар тўлаб берилади.

 

Дастурнинг фойдали жиҳатлари ҳақида ушбу ҳавола орқали кўпроқ маълумот олиш мумкин.

 

Ҳужжат топшириш

 

Дастурга ариза топшириш жараёни қуйидагича:

 

 

Эслатма! Агар номзодлар Оксфорд университетининг магистратура ёки докторантура йўналишларида бирига январгача ариза жўнатишса, уларнинг аризалари автоматик равишда Clarendon гранти учун кўриб чиқилади. Яъни, январгача ариза топширганлар грант учун ариза жўнатишлари шарт эмас. Аризаларни кўриб чиқиш жараёнида дастур маъмурияти дунё бўйлаб энг олғир ва билимдон талабаларни танлаб олишга ҳаракат қилади.

 

Грантнинг кўриб чиқилиш жараёни қуйидагича:

 

  1. Декабрдан январь ойигача танланган йўналишга мос равишда Clarendon гранти учун ариза топшириш жараёни бўлиб ўтади;
  2. Номзодларнинг аризалари ўз ҳар бир йўналишнинг масъуллари томонидан кўриб чиқилади. Баҳолаш жараёнида номзодларнинг академик кўрсаткичлари ҳамда ютуқлари инобатга олинади;
  3. Оксфордга ўқишга қабул қилинганлар орасидан Clarendon гранти талабларига мос келадиган номзодлар рўйхати танлаб олинади;
  4. Университет факультетлари томонидан февраль ва март ойлари оралиғида Clarendon грантининг йўналишлар бўйича тақсимланиш жараёни бўлиб ўтади. Натижалар ариза топширилган кундан бошлаб 8-10 ҳафта ичида эълон қилинади;
  5. Грант ғолиблари аниқланганидан сўнг, грант маъмурияти улар билан боғлади;
  6. Грант соҳибига айланганлар апрель ойининг охиригача э-маил орқали эълон қилинади;
  7. Ариза топширган номзодларнинг сони кўплиги туфайли, аризаси қабул қилинмаган номзодлар билан алоқага чиқилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам агар июнь ойигача аризалар натижаси жўнатилмаса, бу афсуски номзоднинг грантга тавсия қилинмаганлигини билдиради;
  8. Агарда грант соҳибларидан бирортаси ўқишдан воз кечса, унинг ўрнига ўқиш учун ёзги қабул эълон қилинади, аммо бу ҳолат камдан кам кузатилади.

 

Университетда мавжуд йўналишлар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.

 

Қўшимча маълумотлар

 

Грант бўйича қўшимча саволлар туғилган тақдирда ушбу ҳавола орқали мурожаат қилиш мумкин.

Clarendon гранти фонди тарихи ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Дастур ҳақида қуйидаги ижтимоий тармоқлар орқали ҳам маълумот олиш мумкин:

iTunes;

YouTube;

Facebook;

Twitter;

LinkedIn;

Weibo;

Medium;

The Conversation.

Маълумот учун:

Тел: +44 1865 270000;

Фах: +44 1865 270708.