АҚШнинг Техас штатидаги Хюстон шаҳрида жойлашган Lunar and Planetary Institute (LPI) томонидан ёзги амалиёт дастури эълон қилинди.
The LPI Summer Intern Program дастури астрономия соҳасидаги бакалавр талабаларига замонавий тадқиқотлар олиб бориш, астрономия соҳаси бўйича етакчи мутахассислардан дарс олиш ва ва ушбу соҳа бўйича ажойиб карьерасини яратганлар билан танишиш имконияти яратади.
Дастурга қабул қилинган иштирокчилар 2026 йил 1 июндан 7 августгача яъни 10 ҳафта давомида амалиёт олиб боришади. Амалиёт давомида талабалар соҳа бўйича билимларни оширишга мўлжалланган маъруза ва семинарларда иштирок этишади.
Дастурда 50 кредит соатдан ортиқ ўқиган (камида 1-курсни тугатган) барча бакалавриат талабалари иштирок этишлари мумкин. Аммо, физика, табиий фанлар, компьютер фанлари ва математика соҳаси талабаларига устунлик берилади.
Дастурга ариза топшириш жараёни 2025 йил 12 декабрьгача давом этади. Амалиёт НАСА Жонсон Коинот маркази (NASA Johnson Space Center)да бўлиб ўтади.
Дастур давомида иштирокчиларнинг турар-жой, яшаш, транспорт ва шу каби харажатларни қоплаш учун $13,351 миқдордаги бир марталик стипендия тақдим этилади. Халқаро талабаларга АҚШга келиш учун $1,500 маблағ ажратилади.
Дастур ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот олиш мумкин.
Мақбуллик шартлари
Дастурда иштирок этиш учун қуйидаги талаблар мавжуд:
- Дастурда камида 50 кредит соат ўқиган талабалар иштирок этишлари мумкин (Бу Ўзбекистондаги таълим тизимида 2 ёки 3 семестрга тўғри келади);
- Исталган соҳа бўйича ўқиётган бакалаврлар ушбу дастурга ариза топшириши мумкин;
- Номзодлар физика, табиий фанлар, компьютер ёки математика соҳасида ўқиётган бўлсалар, саралаш жараёнида устунлик берилади;
- Дастурга жинси, ёши, ногиронлиги, ташқи кўриниши, ирқи, дини ва бошқа ҳолатлардан қатъи назар барча иштирок этиши мумкин;
- Номзодлар инглиз тилини яхши билишлари ва халқаро сертификатга (IELTS ёки ТОEFL) эга бўлишлари керак.
Номзодларни саралашда қуйидаги мезонлардан фойдаланилади:
- Стипендия, ўқув дастури ва тажриба;
- Илмий қизиқиш ва карьера мақсадлари;
- Номзод қизиқишларининг мавжуд тадқиқот лойиҳаларига мослиги.
Дастур талаблари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.
Фойдали томонлари
Дастурнинг қуйидаги фойдали жиҳатлари мавжуд:
- АҚШга чет элдан келадиган номзодларга давлатга келиш харажатлари учун $1,500 гача маблағ ажратилади;
- Амалиёт давомида иштирокчиларнинг сафар, яшаш ва турар-жой харажатларини қоплаш мақсадида $13,351 миқдоридаги бир марталик стипендия тўлаб берилади (10 ҳафта учун).
Дастурнинг фойдали жиҳатлари ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот топиш мумкин.
Ҳужжат топшириш
Дастурга рўйхатдан ўтиш жараёни қуйидагича:
- Дастурда иштирок этиш учун онлайн ариза шаклини тўлдириш лозим. Қоғоз вариантда топширилган аризалар қабул қилинмайди;
- Ариза топшириш жараёнида берилган барча саволларга жавоб ёзилиши зарур. Аризани якунлашдан олдин э-маил манзилига ариза рақамини тасдиқловчи хат ва 2 та тавсияномани (номзоднинг таълим муассасидан тақдим этилган) юклаш учун ҳавола жўнатилади. Иштирокчилар камида 2 та (3 тадан кўп эмас) тавсиянома юклашлари талаб қилинади;
- Номзодларнинг расмий транскриптлари эса номзод таҳсил олаётган муассаса,маърияти томонидан ушбу ҳаволага жўнатилиши зарур;
- Хорижлик номзодлар IELТS ёки ТОEFL сертификатларини ҳам тақдим этишлари талаб қилинади. Бундан ташқари, иштирокчи инглиз тили кафедрасида ишловчи профессордан инглиз тилида гапириш ва ёзиш кўникмалари ҳамда дастурда иштирок этишга лаёқатлилиги тўғрисидаги хатни ҳам тақдим этишлари лозим;
- Дастурга ариза топшириш жараёни 2025 йил 12 декабргача давом этади.
Дастур талаблари ҳақида ушбу ҳавола батафсил маълумот олиш мумкин.
Амалиёт бўйича маълумотнинг пдф шаклини ушбу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.
