Президентининг тегишли қарорига кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назарий ва амалий таълим асосида малака ошириш тизими йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.
Бунда биринчи босқич (тест жараёнлари) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, иккинчи босқич (амалий (ижодий) имтиҳон Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилиши белгиланган.
Умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб, (2025 йил август декабрь ойлари аттестациясидан бошлаб):
биринчи босқич – Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари (40 та тест саволи 1 балдан жами 40 балл);
иккинчи босқич – Маданият вазирлиги томонидан белгиланган болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этиладиган амалий (ижодий) имтиҳон (4 та топшириқ 20+15+15+10 жами 60 балл шаклида ўтказилади).
Таъкидлаш жоизки, мазкур баҳолаш мезонлари 2025 йил август декабрь ойларида ўтказиладиган педагог кадлар аттестациясидан бошлаб жорий этилади (январь июнь ойлари аттестациясида эса, ўтган йиллардагидек 50 та тест саволи берилади).
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатганлиги тўғрисида умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган битирувчиларга «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади.
2025-2026-ўқув йилига қадар мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.
Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ:
– мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиш бўйича Болалар мусиқа ва санъат мактаблари таянч сифатида белгиланади;
– Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари мактабларнинг мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиб боради;
– мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига 2 босқичда тоифа бериш тартиби ишлаб чиқилади ва биринчи босқич (тест жараёнлари) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, иккинчи босқич (амалий (ижодий) имтиҳон Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилади.
