United World Colleges (UWC) бирлашган жаҳон коллежлари бўлиб, таълимни инсоният, бутун миллат ва маданиятни тинч ва барқарор келажак учун бирлаштирадиган кучга айлантирувчи глобал ҳаракат ҳисобланади. UWC ёшларни, қайси соҳани танлашларидан қатъи назар, ўз иқтидор ва кучини ижтимоий ўзгариш учун сарфлашга ундайди, ёшларга билим, кўникма ва ишонч беради.
Ҳозирда UWC жами 18 та коллежни бирлаштирган бўлиб, уларда ҳар йили 10.500 дан ортиқ ўқувчилар билим олади:
- UWC Changshu China (Хитой);
- UWC Dilijan (Армания);
- UWC East Africa (Танзания);
- UWC Red Cross Nordic (Норвегия);
- UWC Maastricht (Нидерландия)
- Waterford Kamhlaba UWC of Southern Africa (Эстватиния);
- UWC Atlantic (Буюк Британия);
- Li Po Chun UWC of Hong Kong (Хитой);
- UWS-USA (Мехико);
- UWC Adriatic (Италия);
- UWC South East Asia (Сингапур);
- UWC Mostar (Босния ва Герцоговина);
- Pearson College UWC(Канада);
- UWC Thailand (Тайланд);
- UWC Robert Bosch College (Германия)
- UWC Mahindra College (Ҳиндистон);
- UWC Costa Rica (Коста-Рика);
- UWC Isak Japan (Япония)
UWC коллежларида ўқиш учун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан билимли ёшлар ўз давлатларида саралаш босқичларидан ўтади. Бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларида саралаш комиссиялари ташкил этилган.
UWC га қабул қилинган талабалар IBDP — International Baccalaureate Diploma Programme дастурида ўқийдилар. Бу биздаги бакалаврга тайёрлов курсларига тўғри келади ва 2 йил давом этади. Ўқишни битиргандан кейин бериладиган диплом Ўзбекистондаги коллеж ёки академик лицей дипломларига тенг. Ушбу дастурда талаблар қуйидаги 6 соҳадан бирида ўқишни танлашлари мумкин бўлади:
Тилшунослик ва адабиёт;
Тил ўрганиш;
Шахс ва жамият;
Science, яъни илмий фанлар;
Математика;
Санъат.
Ушбу 6 соҳадан ташқари, IBDP дастурида қуйидаги 3 та асосий курслар ҳам мавжуд:
Иншо ёзиш;
Билим назариялари;
Креативлик, фаоллик ва хизмат кўрсатиш.
Бу ҳақида батафсил маълумот ушбу ҳаволада берилган.
Дастурда қатнашиш учун номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Номзодлар Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак;
Мактабнинг 9-,10-,11-синфларида ёки академик лицей/коллежда ўқиётган бўлиши лозим;
2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 16 ёки 17 ёшда бўлиши керак. 2008 йил сентябрь ва 2010 йил август ойида туғилганлар қатнаша олади;
Академик юқори кўрсаткичга эга бўлиши шарт;
Инглиз тилида равон гапириши ёки тезда ўргана олиши лозим.
Номзодлар қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак:
Интeллектуал қизиқувчанлик ва мотивация: ўз атрофидаги оламни ўрганишга қизиқиш, ҳар қандай мавзуга доир глобал ва маҳаллий муаммоларни тушуниш ва таҳлил қила олиш;
Фаол ёндашув: ўзини ҳурмат қилиш, асоссиз фикрларга шубҳа билан қараш ва уларга қарши курашиш, оилада ва жамиятда яхши хулқ-атворга эга бўлиш, барча ишга катта масъулият билан қараш;
Ижтимоий лаёқат: Одамлар билан тез алоқага киришиб кета олиш, барчага ҳурмат билан муомала қилиш, муаммоларни ҳал қилишда жамоа билан бирга аҳилликда ишлаш, ўз фикрини бошқаларга ҳар қандай вазиятда етказиб бера олиш қобилияти;
Бардошлилик, шахсий масъулият ва виждонийлик: ўқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қийинчилик ва ўзгаришларга жисмонан ва руҳан бардошли бўлиш, УWCнинг умумий ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилиш, камтарлик ва бошқаларнинг фикрини тинглаш ва баҳолаш қобилияти;
UWC га бўлган мотивация: UWC тизимидаги таълимнинг муҳим тамойили- бу талабаларнинг битирувдан сўнг ўз ватанига қайтиб олган билим, кўникма ва тажрибаларини ўз мамлакатлари тараққиётига бахшида этиш , турли миллат вакиллари ўртасида тинчлик ва ўзаро бағрикенгликни мустаҳкамлашга бўлган кучли хоҳишнинг мавжудлиги. Номзодлар ариза бериш жараёнида ушбу сифатларнинг барчасини намойиш эта олиши керак.
Талаблар ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали билиб олиш мумкин.
Фойдали томонлари
Ўқишга қабул қилинганлар қўшимча молиявий ёрдам учун ариза топширишлари ва улар қуйидаги имтиёзларга эга бўлишлари мумкин:
Ўқув контракт тўлови тўлиқ молиялаштирилади;
Оилавий шароитидан келиб чиққан ҳолда бепул турар-жой, озиқ-овқат ва ўқув дарсликлари ва китоблар билан таъминланади;
Эслатма! Грант дастури сафар, виза ва суғурта каби харажатларни қоплаб бермайди. Ўқиш контракт тўловлари ўқув даргоҳларига қараб йилига $16,000 дан $54,000 гача бўлиши мумкин. Тўловлар ҳар ўқув йилининг бошида тўланиши керак.
Ҳужжат топшириш
IB Diploma дастурига 2 хил усул билан ариза топшириш мумкин:
Ўз давлатингиздаги UWC national committee орқали (бунда номзод молиявий ёрдам/грант учун ариза топшириши мумкин);
UWC Global Selection Programme орқали (бунда номзод барча тўловларни ўзи тўлаши керак бўлади);
Ҳужжат топшириш
Ариза топшириш тартиби
Онлайн рўйхатдан ўтилади ва шахсий профиль яратилади. Бунда керакли маълумотлар тўлдирилиб, профиль очгандан сўнг 10 дақиқа ичида профилга кириш учун махсус ҳавола жўнатилади;
Бу босқичда номзоднинг шахсий маълумотлари инглиз тилида киритиши керак;
Бунда номзоднинг ота-онаси ёки васийликка олган шахс ҳақида маълумотлар инглиз ёки рус тилида киритилиши керак;
Бу босқичда номзодга ота-онаси, мактаб ўқитувчилари ёки дўстларидан бошқа уни яхши биладиган бошқа шахс (18 ёшдан катта) томонидан жамоада фаоллиги ҳақида инглиз ёки рус тилида тавсиянома берилади;
Бунда номзоднинг мактаб ўқитувчисидан инглиз ёки рус тилида тавсиянома берилиши керак;
Бу босқичда барча ҳужжатлар жойланади. (профиль учун шахсий сурат, шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, мактабда олган баҳолари нусхаси, ота-она ёки васий томонидан розилик хати);
Ариза бир қатор кўздан кечирилади ва якунланади.
Эслатма! Аризалар қанча эрта топширилса, номзодга онлайн саралаш босқичи санаси ҳақида шунча эрта хабар юборилади. Номзод ариза топширишни якунлагандан кейин 2 ҳафта ичида унга жавоб хати келади. Ариза топшириш жараёни ҳақида батафсил ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.
Ариза топширилгандан кейинги босқичлар:
Бошланғич суҳбат. Ушбу суҳбатда номзод, унинг ота-онаси ва номзод танлаган коллежнинг қабул ходимлари иштирокида бўлади. Бунда қабул ходимлари коллеж ҳақида берилган барча саволларга жавоб берадилар (ноябрь);
Онлайн саралаш босқичи. Сараланган номзодлар жамоавий машғулотлар, лойиҳалар ва руҳий хотиржамлик бўйича саволларга жавоб беришади (январь);
Қўшимча интервью. Саралаш босқичидан ўтган номзодлар ва танлаган UWC коллежлари ходимлари ўртасида яна бир суҳбат бўлиб ўтади (Февраль);
Молиявий ҳолатни баҳолаш. Грант берилиши учун номзоднинг оилавий аҳволи ўрганилади (Февраль март).
Муҳим маълумотлар:
Номзодлар танлаган коллежларига эмас, UWC саралаш қўмитаси номига ариза топширишлари керак;
Номзодлар фақат бир марта саралаш қўмитаси орқали ариза топширишлари мумкин;
Ногиронлиги бор номзодлар ҳам ариза топширишлари мумкин;
Номзод ҳақидаги шахсий маълумотлар хавфсиз сақланади ва ошкор этилмайди. Дастурга қабул қилинганлар якуний рўйхати апрель ойида эълон қилинади.
Энг кўп берилган саволлар ва унинг жавоблари билан ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.
Қўшимча савол ва мурожаатлар учун: uzbekistan@uwcnc.org
