2026 йил 11 июндан 19 июлгача «The FIFA World Cup 26» ўтказилиши режалаштирилмоқда. Дастур Канада, Мексика ҳамда АҚШ давлатларининг 16 шаҳрида ўтказилиб, унда 48 жамоа орасида 104 та ўйин бўлиб ўтади.
Дастурга 18 ёшдан ошган барча номзодлар ариза топширишлари мумкин. Жами 65,000 иштирокчи саралаб олинади. Ариза топширилгандан сўнг саралаб олинган номзодлар волонтёрлар тайёрлов жамоасига чақирилади ҳамда таклиф хати жўнатилади.
Иштирокчиларга алоҳида кийим, иштирок сертификати ҳамда дастур сўнггида кичик совғалар тақдим этилади. Волонтёрлар фаолияти жараёнида озиқ-овқат ҳамда ичимликлар билан таъминланади. Лекин уларнинг турар-жой ҳамда йўл харажатлари лойиҳа томонидан қопланмайди.
Лойиҳа ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.
Мақбуллик шартлари
Дастурга ариза топшириш вақтида камида 18 ёшга тўлган бўлиш керак;
Номзодлар спортга, футболга қизиқишлари ҳамда волонтёрлар жамоасига энергия бахш эта олишлари керак;
Иштирокчилар 2026 йил 11 июндан 19 июлгача дастур бўлиб ўтадиган жойда бўлиши ва унда шахсан иштирок эта олиши зарур;
Мезбон давлатга кириш талабларига мос бўлиш лозим;
Инглиз тилини билиш зарур. Унга қўшимча бошқа тилни билиш саралаш жараёнида устунлик беради;
Волонтёрлар жамоаси тайёрлов жараёнида тўлиқ иштирок этиш зарур;
Шахсиятни текшириш жараёнидан ўтиш ва шунга тайёр туриш лозим;
Иштирокчилардан дастургача волонтёрлик тажрибаси бўлиши сўралмайди.
Фойдали томонлари
Қатнашчилар дунёдаги энг йирик спорт тадбирига гувоҳ бўлиш ҳамда унда иштирок этиш имконини қўлга киритади;
Лойиҳа қобилиятларни ривожлантириш, глобал миқёсда танишлар ҳамда дўстлар орттириш ва мамлакатини дунёга танитиш учун ажойиб шароит яратади;
Иштирокчиларга алоҳида кийим, иштирок сертификати ҳамда дастур сўнггида кичик совғалар тақдим этилади;
Волонтёрлар фаолияти жараёнида озиқ-овқат ҳамда ичимликлар билан таъминланади.
Эслатма! Волонтёрлик учун ҳақ тўланмайди. Иштирокчиларнинг йўл, турар-жой ҳамда бошқа харажатлари дастур томонидан қопланмайди.
Ҳужжат топшириш
Дастурда иштирок этиш жараёни қуйидагича:
Аввало, FIFA Volunteer Communityда рўйхатдан ўтилади;
FIFA Volunteer Community ҳақида умумий тушунчага эга бўлинг ҳамда унинг талаблари билан танишиб чиқинг;
Ушбу ҳавола орқали ариза шаклини тўлдиринг;
Иштирокчи ариза топшириш жараёнида ўзи волонтёрлик қилишни хоҳлаган давлат ҳамда шаҳарни танлаш имкони бор (фақат 1 та).
Охирги муддат: 01.09.2025
Муҳим саналар:
2025 йил, август-сентябрь: аризаларни қабул қилиш жараёни бўлиб ўтади;
2025 йил октябрь-2026 йил январь: қабул қилинган волонтёрлар эълон қилинади ҳамда саралаб олинганлар волонтёрлар тайёрловига чақирилади;
2025 йил, декабрь-2026 йил, март: саралаб олинганларга расмий волонтёрлик хати келади, уларнинг шахсияти ва ҳужжатлари текширилади. Жараён Мексикада волонтёрлик қиладиганлар учун бошқачароқ бўлиши мумкин;
2026 йил, март-июнь: таклиф хатини олган иштирокчилар керакли жойга етиб келишади ва лойиҳага тайёргарлик жараёни бошланади;
2026 йил, июнь-июль: Жаҳон кубоги бўлиб ўтади.
