Касбий сертификатлаш жараёнларига айрим турдаги педагоглар жалб этилмайди

Касбий сертификатлаш жараёнларига айрим турдаги педагоглар жалб этилмайди

Ҳукуматнинг 2024 йил 2 февралдаги 87-сон «Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий Регламентини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорига кўра, айрим ҳолларда касбий сертификатлашга жалб этилмайди ёки маълум муддатга озод қилинади.

 

 

Низомнинг 9-бандига кўра, қуйидагилар касбий сертификатлашга жалб этилмайди:

 

 

– фан номзоди, фалсафа доктори Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрлар;

 

 

– магистр даражасига эга мутахассислар;

 

 

– педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиб, камида мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган даражада кўрсаткичга эга бўлган педагоглар.

 

 

Қарорнинг 10-бандига кўра, қуйидагилар касбий сертификатлашдан маълум муддатга озод қилинади:

 

 

– ҳомиладор аёллар, ҳомиладорлик ёки туғиш таътилида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

 

 

– педагогик фаолият билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар (фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар);

 

 

– узоқ (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанаётган педагог кадрлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;

 

 

– уч ой ва ундан узоқ муддатга республика ҳамда чет эл давлатига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига юборилган педагог кадрлар, улар ишга чиққанидан сўнг олти ой давомида.

 

 

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, назорат синовида узрли сабаблар (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлиб турганлиги, яқин қариндоши вафот этганлиги, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган асослар)га кўра иштирок этмаган талабгор, тегишли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда, назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда кейинги ташкил этиладиган назорат синовида иштирок этиш учун қайтадан рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

 

 

Биринчи марта касбий сертификат олиш бўйича назорат синовида иштирок этиш учун талабгордан тўлов ундирилмайди.

 

Назорат синовида қайта иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов тўланади.