Сертификат йўқлиги ишдан бўшатишга асос бўла оладими – Ҳуқуқшунос муносабати

Сертификат йўқлиги ишдан бўшатишга асос бўла оладими – Ҳуқуқшунос муносабати

Хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномасининг B2 сертификатисиз бекор қилиниши масаласида юридик изоҳ берилди.  

 

Ижтимоий тармоқларда хорижий тил ўқитувчиларининг B2 даражадаги тил сертификати бўлмагани учун уларнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида фикрлар кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу масалага нисбатан “Юрист маслаҳати” ҳуқуқий саҳифасида таҳлилий ёндашув билдирилди.

 

Ушбу фикрларда таъкидланишича, хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даражадаги сертификатга эга бўлиш мажбурияти Президентнинг 2019 йилдаги ПФ-5712-сон фармони ҳамда 2023 йилдаги 312-сон қарорида белгиланган бўлса-да, бу меҳнат шартномасини тўғридан-тўғри бекор қилишга асос бўла олмайди. Сабаби, ўқитувчининг малакаси етарли ёки етарли эмаслигини аниқловчи асосий мезон — бу аттестация натижаларидир.

 

Меҳнат кодексининг 161-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 572-сон қарорига асосан, фақат аттестациядан ўтолмаган ўқитувчиларнинг меҳнат шартномаси малака етишмовчилиги сабабли бекор қилиниши мумкин. Сертификат эса педагогнинг қўшимча малакаси сифатида баҳоланади.

 

Шунингдек, фикрда келтирилишича, B2 талабини фақат хорижий тил ўқитувчиларига қўллаш, бошқа фан ўқитувчилари учун бундай талабнинг мавжуд эмаслиги Меҳнат кодексининг 4-моддасига зид ҳолат — яъни меҳнат соҳасида камситиш бўлиши мумкин.

 

Хулоса сифатида, саҳифа муаллифи ушбу масалада ўз юридик таҳлилини билдирган ва ҳозирча тегишли вазирликлардан расмий муносабат кутилаётганини маълум қилган.