ЧСБ имтиҳонларида сарфланаётган материаллар учун ота-оналардан пул маблағлари талаб этилмайди — вазирлик

Хабарингиз бор, 2024-2025-ўқув йилида Ўзбекистондаги 1500 та мактабда янги баҳолаш тартиби жорий қилинди ва айни вақтда ушбу таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билим даражаси мазкур тизим асосида баҳоланмоқда.

 

 

Шу ўринда янги баҳолаш тизими бўйича педагоглар ва ота-оналардан келиб тушаётган айрим саволларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жавоб берган.

 

 

1-савол: Биз турли ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали ЧСБ тест саволларини оляпмиз, аммо ушбу саволларда турли тафовут ва ноаниқликларни кузатяпмиз. Бунинг сабаби нимада?

 

 

Жавоб: Янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаб ўқувчилари билимини баҳолаш учун Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан намунавий тест саволлари ишлаб чиқилган ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг e-maktab.uz платформасига жойлаштирилган.

 

Педагоглар ва ота-оналардан янги баҳолаш тизими бўйича барча фанларга тегишли намунавий тест саволларини фақат e-maktab.uz платформасидан юклаб олишларини сўраймиз. Бошқа турдаги ахборот каналлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги саволларнинг тўғрилиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос эмас.

 

 

 

2-савол: ЧСБ имтиҳонлари учун сарфланаётган қоғоз ва босмахона харажатлари қайси маблағлар ҳисобидан қопланяпти? Бунинг учун ота-оналардан маблағ талаб этиладими?

 

 

Жавоб: Йўқ, ота-оналардан маблағ талаб этилмайди.

 

➖Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 17 октябрдаги тегишли буйруғига асосан, 2024 йил I ва II чорак имтиҳонлари Тошкент шаҳар, Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги танлаб олинган ва янги баҳолаш тизими жорий этилган 168 та мактабда e-maktab.uz платформаси орқали онлайн, қолган 1332 та мактабда анъанавий тарзда ташкил этилиши белгиланган;

 

➖Анъанавий тарзда имтиҳон ўтказиладиган 582 та мактаб учун ажратиладиган (6400 та ўрам) қоғоз маҳсулотлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълим соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Шунингдек, ушбу мактабларнинг назорат материаллари ҳудудий бошқармаларга махсус ажратилган принтер қурилмаларида чоп этилади;

 

➖Қолган 750 та мактабга ажратиладиган назорат материаллари ўрнатилган тартибда вазирлик тизимидаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиб келинмоқда.

 

Мазкур харажатлар учун ота-оналардан пул маблағлари талаб этилиши мумкин эмас.

 

 

 

3-савол: Агар имтиҳон кунлари фарзандим касал бўлиб қолганлиги сабабли синовларда қайта иштирок этса, имтиҳон баллари тушиб кетар экан, шу тўғрими?

 

 

Жавоб: Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 7 августдаги тегишли буйруғи билан тасдиқланган «Мезонларга асосланган баҳолаш тизимини умумий ўрта таълим мактабларига жорий этиш бўйича тартиб»да бу ҳақида батафсил айтиб ўтилган.

 

➖Унга биноан, асосли сабаблар (касал бўлганлиги, яқин қариндошларидан бирининг вафоти, турли олимпиада ва танловлардаги иштироки)га кўра баҳолаш жараёнида қатнаша олмаган ўқувчилар учун синовлар алоҳида ўтказилади. Бунда ўқувчиларга амалдаги баҳолаш мезонлари (максимал 40 балл)га кўра олган баллари қўйилади;

 

➖Узрсиз сабабларга кўра баҳолашда қатнашмаган, ички тартиб-қоидаларни бузгани учун жараёндан четлаштирилган ёки 12 баллдан паст натижа қайд этган ўқувчиларнинг максимал бали 26 баллдан ошиши мумкин эмас.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры