Эссе ёзиш тартиби қандай ва нималарга этибор қаратиш керак?

Эссе ёзиш тартиби қандай ва нималарга этибор қаратиш керак?

Эссе ёзишни баҳолашда фикрнинг мавжудлиги, унинг қандай баён қилингани, мантиқий изчиллиги ва адабий тил меъёрларига мослиги муҳим ҳисобланади. Шу боис эссе ёзиш жараёнида белгиланган талаб ва мезонларга қатъий амал қилиш талаб этилади.

 

Эссе ёзилишига қўйиладиган талаблар нималардан иборат?

 

Аввало, эссе ёзишда муаллиф ўз фикр-мулоҳазаларини публицистик услубда, яъни аниқ, равон ва таъсирчан шаклда баён этиши лозим. Бундан ташқари, фикрлар мантиқий изчилликда, адабий тил меъёрларига риоя қилган ҳолда ифодаланиши шарт. Энг муҳими, эссе давомида келтириладиган барча фикр ва мулоҳазалар фақат берилган мавзу доирасида бўлиши керак.

 

Эссе тузилиши жиҳатидан уч асосий таркибий қисмдан иборат бўлади. Булар кириш, асосий қисм ва хулоса.

 

Кириш қисми икки-уч жумладан иборат бўлиб, унда мавзуга қисқача ёндашув билдирилади. Бунда берилган вазият матнини айнан кўчириб ёзиш қатъиян тавсия этилмайди, балки муаллиф ўз фикри орқали мавзуга кириб бориши лозим.

 

Асосий қисм эса эссе мазмунининг маркази ҳисобланади. Ушбу қисм камида учта хатбошидан иборат бўлиши шарт. Ҳар бир хатбошида мавзуга доир турли қарашлар, томонларнинг фикрлари ва муаллифнинг шахсий мулоҳазалари батафсил ёритилиши керак. Шу билан бирга, берилган вазият юзасидан илгари сурилган фикрлар ҳаётий мисоллар билан далилланиши, муаллифнинг шахсий позицияси эса аниқ ва асосли тарзда ифодаланиши лозим.

 

Хулоса қисмида эса асосий қисмда баён этилган фикрлар умумлаштирилади. Ушбу қисм икки-уч жумладан иборат бўлиб, унда муаллифнинг якуний хулосаси қисқа ва лўнда шаклда ифодаланади. Таъкидлаш жоизки, эссе учун алоҳида режа тузилмайди ва эпиграф қўйилмайди.

 

Ёзма ишларни баҳолаш жараёнида фан эксперти томонидан матннинг мантиқий қурилиши ва мазмуний изчиллиги алоҳида эътиборга олинади. Жумлаларнинг тўғри тузилиши, матн қисмларининг кетма-кетлиги, фикрларнинг бир-бирига мослиги ва воқеликка уйғунлиги текширилади. Хатбошиларга нотўғри ажратиш ёки бир фикрнинг турли шаклларда такрорланиши мантиқий ва мазмуний изчилликнинг бузилиши сифатида баҳоланади.

 

Шунингдек, ёзма ишда кирилл алифбосидан фойдаланиш имловий хато ҳисобланади. Бироқ ўзбек адабий тилида ҳали тўлиқ меъёрлашмаган айрим неологизмларнинг ёзилишидаги икки хиллик хато сифатида баҳоланмайди. Масалан, «Word», «Tvitter» ёки «Tvitter» каби сўзлар ўзбек тили ёки ўзлаштирилган тил қоидаларига мувофиқ ёзилиши талаб этилади.

 

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ёзма ишни баҳолашда ёзувнинг чиройлилиги ёки хунуклиги инобатга олинмайди. Баҳолаш фақат мазмун ва мезонларга мувофиқлик асосида амалга оширилади.

 

Айрим ҳолатларда ёзма иш 0 балл билан баҳоланиши мумкин. Қуйидаги ҳолларда ёзма иш 0 балл билан баҳоланади:

 

— Фақат кириш қисми ёзилган ишлар «топшириқ бажарилмаган» деб хулосаланади ва 0 балл билан баҳоланади.

 

— Жавоблар варақасининг ёзма иш учун белгиланган қисми очиқ қолдирилган бўлса, «топшириқ бажарилмаган» деб хулосаланади ва 0 балл билан баҳоланади.

 

— Ёзма иш матни тўлиқ кирилл алифбосида ёзилган бўлса, текширилмайди ва 0 балл билан баҳоланади.