2025 йил 30 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги 840-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгартирилди.
Хусусан, хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш рад этиладиган ҳоллар рўйхати янгиланди.
Хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
– хорижий давлатларда касбий маълумот берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумотдан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан 2 йилдан кам бўлса;
– ҳужжат берилган давлатда мазкур ҳужжат эгасига Ўзбекистондагига нисбатан кам ҳуқуқлар берилган бўлса (яъни, кейинги босқичда ўқишни давом эттириш ёки касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи бўлмаса);
– маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;
– олий таълим босқичларида қуйидаги ҳолатлар аниқланса:
– бакалавриат бўйича Европа таълим тизими асосида ўқиган ҳар бир ўқув йилида ўртача 60 кредитдан кам тўпланган бўлса;
(бунда кундузги ва масофавий таълимда ўқиш муддати 3 йилдан кам, сиртқи таълимда эса Ўзбекистон стандартларида белгиланган муддатдан 1 йилдан ортиқ фарқ қилмаслиги лозим);
– малака амалиёти учун ажратилган вақт:
– таълим йўналишлари бўйича — умумий юкламанинг 10 фоиздан кам;
-соғлиқни сақлаш йўналишлари бўйича — 6 фоиздан кам бўлса;
– магистратура бўйича ўқиш муддати 1 йилдан кам бўлса;
– тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинадиган давлатларда олинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган талабларга мос келмаса.
Хорижий таълим ҳужжатларини тан олишни бошқа асослар билан рад этиш тақиқланади.
Хорижий давлатлар таълим тизимида тўпланган кредитлар Европа таълим тизимидаги минимал талаблар (ҳар бир ўқув йили учун ўртача камида 60 кредит) билан қиёслаб аниқланади.
Аввалроқ, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан тўғри тан олинадиган ҳолатлар рўйхати янгилангани ҳақида хабар берган эдик.
