Таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжат топшириш жараёни бошланди

Таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжат топшириш жараёни бошланди

Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун аризаларни қабул қилиш бошланди.

 

Ушбу жараён Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан ўтказилади.

Давлат аккредитациясидан ўтказиш тўғрисида аризалар Агентликнинг «Аккредитация» платформасида электрон шаклда, заруратга кўра, тасдиқланган қоғоз шаклида қабул қилинади.

 

Унга кўра, таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тўғрисида аризалар келгуси ўқув йилида фаолиятини бошлаш учун ҳар йили 1 октябрдан келгуси йилнинг 31 январигача қабул қилинади. Ушбу муддатлардан ташқари бошқа муддатларда махсус давлат аккредитацияси таълим ташкилотининг мурожаатига асосан, Агентлик билан тузиладиган шартнома шартлари ва оширилган тўлов асосида амалга оширилади.

 

– Битирувчиси бўлган ёки аккредитация муддати тугаган таълим ташкилотлари комплекс давлат аккредитациясидан;

 

– Янги ташкил этилаётган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.

 

Давлат аккредитациясидан ўтиш учун аризалар accreditation.nqaae.uz платформаси орқали қабул қилинади.

 

Олий таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш жараёни йўриқномаси қуйидагича:

 

Платформага кириш таълим ташкилотининг ОNE-ID тизимидаги юридик шахс кабинети орқали амалга оширилади ва платформага таълим ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар тегишли ахборот тизимларида автоматик тарзда юкланади.

 

Платформа Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг тегишли ахборот тизимлари ҳамда электрон ҳукумат тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва egоv тизими билан автоматик маълумотлар алмашиш бўйича интеграция қилинган.

 

Агар маълумотларда камчилик мавжуд бўлса, интеграциялашган тизимга алоқага чиқиб, муаммони бартараф этиш мумкин.

 

Таълим ташкилотининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинмаган маълумотлари таълим ташкилотининг раҳбари ёки раҳбар томонидан белгиланган масъул ходим томонидан киритилади.

 

Платформанинг бошқарув панелида киритилиши керак бўлган маълумотлар алоҳида қизил рангда кўрсатилади. Ариза топширишдан олдин ушбу бўлимдаги камчиликлар тўлдирилиб, аккредитациясидан ўтиш жараёнларига масъул ходим маълумотлари киритилади.

 

Маълумотлар киритилгач, «Янгилаш» тугмаси босилади. Профиль статуси маълумотлар тўлиқ кўринишига ўтгач, ариза топшириш бўлими очилади.

 

Ариза топшириш бўлимида комплекс ёки махсус давлат аккредитациясидан ўтиш танланади.

 

Махсус давлат аккредитацияси танланганда, янги ташкил этиладиган таълим дастури, ёки дастурларни қўшиш бўлими очилади. Янги ташкил этиладиган таълим дастури коди киритилгач, дастур ҳақидаги маълумотлар тўлдирилиши керак. Бир ёки бир нечта таълим дастурлари худди шу усулда қўшилади ва улар белгиланиб, сақлаш тугмаси босилади.

 

Сўнгра ариза юбориш бўлимига ўтилади. Бу босқичда аккредитацияси учун ариза маълумотлари кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Кейин ариза йиғими бўлимига ўтилади ва инвойс маълумотлари юклаб олиниб, кўрсатилган сумма тўлангач, аризани текшириш босқичи очилади.

 

Аризалар агентлик томонидан 15 иш куни ичида текширилади ва камчиликлар аниқланмаган тақдирда аккредитация йиғими бўлимига ўтказилади. Аккредитациясидан ўтиш йиғими тўлангач, шартнома тузиш бўлими очилади.

 

Ушбу босқичда таълим ташкилоти ва агентлик ўртасида шартнома тузилади ва аккредитацияси жараёнлари бошланади.