Россияда 2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий фуқароларнинг рус тили, Россия тарихи ва мамлакат қонунчилигидан билимини текшириш тўлиқ электрон форматга ўтказилади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берган.
Ҳозирда ушбу чора-тадбирни таъминлаш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур янгилик имтиҳон жараёни шаффофлигини ошириш ва билимларни баҳолашда инсон омилни минималлаштиришга қаратилган.
Шунингдек, ўзгаришлар доирасида имтиҳон саволларини ҳар ой янгилаб бориш ҳамда уларнинг жавобларини очиқ манбаларда жойлаштириш амалиётидан воз кечиш назарда тутилган.
Бугунги кунда имтиҳон топшириш имконияти Россиянинг барча ҳудудларида ва унинг ташқарисида жойлашган 203 та пунктда ташкил этилган.
Чет эл фуқаролари учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича имтиҳонларни ўтказиш соҳасида назорат ва кузатув Рособрнадзор томонидан амалга оширилади.
