«Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим олиш имкониятини яратиш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (818-сон, 24.12.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази (Инклюзив марказ) ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 тадан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар негизида Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари ташкил этилади.
2026/2027 ўқув йилидан Инклюзив марказ таркибида тажриба-синов тариқасида инклюзив-коррекцион мактаб фаолияти йўлга қўйилади.
Унда бошланғич синфлар учун ўқувчиларни мослаштириш, таълим ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, шунингдек, индивидуал таълим режаси асосида коррекцион ва қўшимча машғулотларни ўз ичига олган инклюзив синфлар фаолияти йўлга қўйилади.
Инклюзив марказда умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида таълим олувчи ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун асосий мактабдаги дарсларига қўшимча фан, касб ва коррекцион машғулотлар йўлга қўйилади.
2027 йил 1 январдан Инклюзив марказда давлат таълим ташкилотлари махсус педагогларининг билим ва кўникмасини баҳолаш учун махсус педагогларни касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади.
2027/2028 ўқув йилидан ҳудудларда босқичма-босқич Инклюзив мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.
