Қишки ўқишни кўчириш учун ариза бериш 10 январдан бошланади: нималарни билиш керак?

Қишки ўқишни кўчириш учун ариза бериш 10 январдан бошланади: нималарни билиш керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрь куни «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 578-сонли қарори қабул қилинган.

 

Унга кўра, олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш Вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан my.gov.uz орқали бир ўқув йилида икки марта:

 

– кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 15 июлдан 5 августгача (5 август куни ҳам);

 

– баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) онлайн платформа орқали амалга оширилади.

 

Баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин талабалар ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига кўчириб тиклаш тўғрисидаги аризалар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.

 

Ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) истагини билдирган фуқаролар электрон платформага ўзининг шахсий идентификация маълумотларини киритади ва ўзига тегишли қуйидаги ҳужжатларни юклайди:

 

– ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳолатларни (сабабларни) асословчи ҳужжатлар нусхаси;

 

– рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси.

 

Низомнинг 5-бандига кўра, олий таълим ташкилотларининг биридан бошқасига талабалар ўқишини мос ва турдош таълим йўналишига (мос мутахассисликка), муайян ҳудуддаги олий таълим ташкилотларида мос ва турдош таълим йўналиши (мос мутахассислик) мавжуд бўлмаган тақдирда турдош бўлмаган таълим йўналишига (мос бўлмаган мутахассисликка) кўчиришга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:

 

– талаба турмуш қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишни кўчириш учун мурожаат қилганда;

 

– давлат органлари ходимларининг иш жойи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзгартирилган тақдирда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди муайян вазирлик ёки идора раҳбари тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.

 

Низом билан танишиш — Файлни юклаш

 

Аризалар қачон топширилади ва кўриб чиқилади?

 

Баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) талабалар ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризалар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан қабул қилиниши ҳам мумкин.

 

Олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтказилган ариза тегишлилигига кўра электрон платформа орқали олий таълим ташкилотига ёки тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ёхуд Давлат комиссиясига юборилади.

 

Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 21 январдан 10 февралгача (10 февраль куни ҳам) амалга оширилади.

 

Бунда:

 

– бир олий таълим ташкилоти доирасида мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги аризалар олий таълим ташкилоти томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда талабгорга электрон платформа орқали маълум қилинади;

 

– мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича бир олий таълим ташкилотидан бошқасига талабалар ўқишини кўчириш ва кўчириб тиклаш тўғрисидаги аризалар:

 

– тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда талабгорга электрон платформа орқали маълум қилинади;

 

– ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик ва идоралар олий таълим ташкилотига ўқиши кўчирилиши (кўчириб тикланиши) рухсат этилган талабалар рўйхати илова қилинган хат йўллайди;

 

– ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

 

Аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, Давлат комиссияси томонидан олий таълим ташкилотига ўқиши кўчирилиши (кўчириб тикланиши)га рухсат этилган талабалар рўйхати илова қилинган хат юборилади.

 

Маълумот учун, талабаларнинг ўқишини кўчиришда олий таълим ташкилоти ректори белгиланган тартибда ўқув режалари, семестри ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонунчиликда белгиланган бошқа шартларини белгилайди.

 

Спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган талабаларга:

 

– ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ ўқишини сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга;

 

– олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши ўзгармаган ҳолда сиртқи таълим шаклида (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида ўқишини давом эттиришга рухсат берилади.

 

Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.