Ҳукуматнинг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сон қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Низом Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, ижод мактабларида таълим – тарбия жараёни 7–11-синфларда амалга оширилади.
Бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.
Ўқув ҳафтаси 5 кун давом этади. Бунда ижод мактаби Педагогик кенгаш қарори асосида 6 кунлик ўқув ҳафтасига ўтказилиши мумкин.
Ижод мактаблари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.
Ўқувчилар Агентлик томонидан тасдиқланган ўқув режасидаги фанлардан йиллик сумматив баҳолашдан муваффақиятли ўтганда, ижод мактаби директорининг буйруғи билан кейинги синфга ўтказилади.
