Жанубий Кореяда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 2024 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, тарихдаги энг юқори кўрсаткични қайд этган. Ушбу ўсишда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларидан борган ёшлар катта улушни ташкил этган. Бу ҳақда Қазинформ хабар берган.
Корея туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатдаги чет эллик талабалар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 50,6 фоизга ошиб, 204 минг кишига етди. Бу Жанубий Корея тарихида ярим йиллик кўрсаткичнинг илк бор 200 мингдан ошишидир. Таққослаш учун, 2022 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич бор-йўғи 55 минг нафарни ташкил этган эди. 2023 йилнинг мос даврида эса 136 минг талаба рўйхатга олинган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Жанубий Кореяга талабалар юбораётган Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бирига айланган. 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида 5 000 нафар ўзбекистонлик талаба ўқиш учун айнан Жанубий Кореяни танлаган. Шунингдек, Қозоғистондан 2024 йилнинг биринчи ярмида 1 022 нафар қозоғистонлик талаба Кореяга ўқишга келган.
Хорижий талабалар орасида энг катта улуш Хитой фуқароларига тўғри келади — 112 минг киши ёки умумий соннинг 55,2 фоизи. Иккинчи ўринда 33 минг талаба билан Ветнам туради, ундан кейин Япония ва Мўғулистон келади.
ЮНEСКО Статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунё миқёсида хорижга энг кўп талаба юборувчи давлатлар қаторидан жой олган. Ҳозирда 109,9 минг нафар ўзбекистонлик ёшлар хорижий мамлакатларда таҳсил олмоқда.
Глобал миқёсда бу борада Хитой (1 миллиондан ортиқ) ва Ҳиндистон (508 минг) пешқадамлик қилмоқда. Марказий Осиёда эса Қозоғистон (91,2 минг) ҳам юқори кўрсаткичга эга. Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб талабалар орасида энг оммабоп йўналишлар сифатида ҳамон АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Германия ва Канада қолмоқда.
