Муҳокамалар порталига «Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун йиғимлар миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун йиғимлар миқдорлари ҳамда уларни ҳисоблаш тартиби ишлаб чиқилди. Низом лойиҳасига кўра, давлат аккредитацияси учун амалга оширилган йиғимлар натижадан қатъи назар қайтарилмайди.
Мазкур низом ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда йиғимларни ҳисоблаш ва ундириш тартибини белгилайди.
Низом лойиҳасида аризани кўриб чиқиш учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари этиб белгиланган. Комплекс ва махсус аккредитация бўйича базавий йиғимлар таълим турига қараб белгиланади. Жумладан, олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказиш учун базавий йиғим 420 БҲМ, махсус давлат аккредитацияси учун (ҳар бир таълим дастури бўйича) 100 БҲМ этиб кўрсатилган.
Шунингдек, таълим ташкилотининг асосий биноси жойлашган ҳудуддан ташқаридаги ҳар бир ўқув биноси (кампус) учун қўшимча равишда 12 БҲМ миқдорида йиғим ундирилиши назарда тутилган.
Қайд этилишича, давлат аккредитациясидан ўтказиш учун амалга оширилган барча йиғимлар, аккредитация натижасидан қатъи назар, таълим ташкилотига қайтарилмайди. Айрим ҳолларда эса таълим ташкилотининг тўловга қобилиятсизлиги асослантирилса, агентлик билан келишилган график асосида йиғимларни бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.
Лойиҳага овоз бериш жорий йилнинг 27 декабрь куни якунланади.
Аввалроқ, касбий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари белгиланганлиги ҳақида хабар берган эдик.
