Фан олимпиадалари маркази жорий йил 17 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига 01-10-750-сонли хат юборди.
Президентнинг 2024 йил 30-центабрдаги «Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-346-сон қарорида Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасини ташкил қилиш ва уни юқори савияда ўтказиш вазифаси белгиланган.
Юқоридаги қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ва ўқувчиларни қуйи синфлардан бошлаб фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш амалиётини кучайтириш мақсадида, 2025 йил умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, Президент, ижод, ихтисослаштирилган, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларининг 7–8-синф ўқувчилари ўртасида Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар (Science) олимпиадасини 4 босқичда ўтказиш режалаштирилган:
– биринчи босқич – умумий ўрта таълим мактаблари, нодавлат таълим ташкилотлари миқёсида;
– иккинчи босқич – туман (шаҳар) миқёсида;
– учинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
– тўртинчи босқич – табиий фанлар йўналишида республика миқёсида, аниқ фанлар йўналишида халқаро даражада ўтказилади.
Ал-Хоразмий номидаги аниқ фанлар олимпиадаси – математика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан,
Ал-Хоразмий номидаги табиий фанлар олимпиадаси – кимё, биология, физика фанларидан комплекс тарзда ташкил қилинади.
Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасини ташкил қилиш ва юқори савияда ўтказиш мақсадида аниқ фанлар йўналишидаги информатика ва ахборот технологиялари фанидан ҳам олимпиаданинг биринчи – мактаб босқичи ўтказиш режалаштирилмоқда.
«Шу муносабат билан, Сиздан:
- 2025 йил 27 декабрга қадар, умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларида Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадасининг аниқ фанлар йўналишидаги информатика ва ахборот технологиялари фанидан олимпиаданинг биринчи – мактаб босқичини ташкил қилиш;
- 2025 йил 30 декабрга қадар, Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар олимпиадасининг иккинчи – туман (шаҳар) босқичи иштирокчиларининг синфлар кесимида 3 нафардан рўйхатини иловадаги жадвал асосида шакллантириб ҳамда Фан олимпиадалари марказига тақдим этишда, шунингдек, https://olimpiada.uzedu.uz/ ахборот тизимига жойлаштирилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз», — дейилади хатда.
Хат – Файлни юклаш
