Ходимларга моддий ёрдам мактабларда директор жамғармасидан берилади
Моддий ёрдам олиш учун ходим шу ташкилотда меҳнат шартномаси асосида ишлаши ва моддий ёрдам олиш учун асос бўладиган ҳолатлар содир бўлишининг ўзи етарли.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори 33-бандига ўзгартириш киритилган.
Унга кўра умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам календарь йил давомида икки лавозим маоши (ўқитувчининг тариф ставкаси) миқдоригача:
– ходимнинг ўзи ва яқин қариндоши (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда;
– ёки оғир касалликка чалинганда;
– ходим табиий офатдан зарар кўрганда кўрсатилади.
Қоиданинг мазмунига кўра, ходим мактабда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган даврда юқоридаги ҳолатлар содир бўлса, директор жамғармасида маблағ етарли бўлган тақдирда ходим 2 лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам олишга ҳақли.
Мана шу қоидага кўра, ходим 1 календарь йилида жами 2 лавозим маошигача моддий ёрдам олиши мумкин.
Юқоридаги низомда қайнона яқин қариндош сифатида белгиланмаган, шу сабабли унинг вафоти сабабли ҳеч қандай ёрдам пули тўланмайди.
Аввалроқ, директор жамғармасида ажратилган маблағлар етарли бўлмаса қандай йўл тутилиши ҳақида хабар берган эдик.
