Наркокурерлик билан шуғулланган 2 нафар талаба ушланди: улар университет ётоқхонасидан тақиқланган моддалар учун «омбор» сифатида фойдаланган.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбири доирасида Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 2 нафар 1-босқич талабасининг ёнидан 120 гр «Альфа ПВП» синтетик гиёҳвандлик моддаси топилди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, 2007 йилда туғилган талабанинг вақтинча яшаб келаётган университети ётоқхонаси кўздан кечирилганда, 400 гр «Альфа ПВП» борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, улар синтетик гиёҳванд моддаларини таниши ташлаб берган геолокациялардан олиб, университет ётоқхонасида дозаларга қадоқлаб, айтилган манзилларга юборган.
Тезкор тадбирлар натижасида бир маротабалик 2 минг 600 та дозага тенг бўлган жами 520 гр синтетик гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу талабаларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига кўра 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилди.
