Икки кун олдин Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласидаги буюм бозори ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллон портлаб, 29 нафар одам жароҳат олган.
Сирдарё вилояти ММТБ Talimxabarlari.uz сайтига берган маълумотларга кўра, портлаш 10:49 да содир бўлган. Бу пайтда ўқувчилар дарсда бўлишган. Ҳодиса иштирокчилари орасида мактаб ўқувчилари йўқ.
Бугун Президент Сирдарёга ташрифи доирасида шифохонага келиб, жароҳат олганлар ҳолидан хабар олди, яқинлари билан суҳбатлашди.
Шунингдек, Президент бугунги Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясиясида иштирок этиб, бахтсиз ҳодисанинг қурбонлари оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Уч кун муддатда қурбон бўлганларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш топширилди.
Маълум қилинишича, Сирдарёда боғча, мактаб, шифохона ўринларини кўпайтириш, электр, сув, канализация ва йўлларни яхшилаш бўйича ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди.
Биргина мисол, шу йилнинг ўзида Сирдарё аҳолисининг турмушини яхшилаш учун 100 миллион доллар берилди.
Натижада 47 та мактаб, 45 та боғча, 31 та тиббиёт муассасаси, 5 та спорт ва маданият маскани тўлиқ таъмирдан чиқарилиб жиҳозланди.
Шунингдек, 87 километр тармоқ тортилгани учун Гулистон шаҳридаги 22 минг хонадонга ичимлик сув узлуксиз боряпти.
Йил якунигача яна 9 километр янги тармоқ ўтказилиб, Мирзаобод, Сардоба, Боёвут, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳридаги 12 минг хонадон доимий ичимлик сув билан таъминланади.
Бу ишлар давом эттирилиб, вилоятдаги электр, йўл, сув, канализация ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун келаси йил яна 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди.
