Қозоғистон ҳукумати 16 ёшгача болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекламоқчи

Қозоғистон ҳукумати 16 ёшгача болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чекламоқчи

Қозоғистонда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтишини тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрланди. Ҳужжатни Маданият ва ахборот вазирлиги ишлаб чиққан.

 

Шу тариқа, 16 ёшгача бўлган болаларга видеохостинглар, ижтимоий тармоқлар, контент платформалари ва ўхшаш сайтларида аккаунт яратиш мумкин бўлмайди. Маълумотларга кўра, мессенджерлар бундан мустасно.

 

Бу қарорга келишдан мақсад сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

 

  • болаларни онлайн платформаларда тарқаладиган зарарли ёки ноқонуний контентдан ҳимоя қилиш,
  • интернетдаги диструктив контент учун платформаларнинг жавобгарлигини қонуний тартибга солиш.

 

Қонун лойиҳаси жуда кенг кўламли бўлиб, турли қонунларга 80 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олади.

 

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, ушбу тузатишлар:

 

  • ноқонуний контент ҳажмини камайтиради;
  • интернетда болалар ҳимоясини кучайтиради;
  • маҳаллий ва хорижий рақамли бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратади;
  • онлайн-платформалар ва ОАВга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

 

Ушбу қарор парламент томонидан қабул қилиниб, Президент томонидан имзолангач, қонун расмий чоп этилганидан 60 кун ўтиб кучга киради.

 

2024 йил 12 ноябрь куни Мажлис депутати Асхат Аймагамбетов ижтимоий тармоқларга рўйхатдан ўтиш учун ёш бўйича чеклов ўрнатиш таклифини берган эди. Гап айниқса Қозоғистонда болалар ва ўсмирлар орасида жуда машҳур бўлган TikTok ва Instagram ҳақида кетган.

 

Аввалроқ, Малайзияда ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режалаштирилайтогани ҳақида хабар берган эдик.

 

Шунингдек, Австралияда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бутунлай тақиқланган эди.