Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 34-сон қарори 11-бандида «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги умумтаълим муассасаларининг C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб уч йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартибини 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин» деб кўрсатилган.
Шунга асосан рус тили фани ўқитувчиларига лавозим маошига нисбатан 50 фоиз устама тўлаб берилади.
Шунингдек, Адлия вазирлигидан 3515-сон билан рўйхатдан ўтган қўшма қарорнинг 4-бобида «Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида фаолият юритаётган педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати» тасдиқланган. 4-бобнинг 15,16,17-қаторида рус тили фани учун миллий ва халқаро сертификатлар рўйхати кўрсатилган.
Бунда мактабгача таълим ташкилотларида 4-бобда кўрсатилган фанлар учун сертификат жорий қилиш ва устама тўлаш назарда тутилмаган.
Аввалроқ, рус тили фанидан C1 сертификат эга ўқитувчиларга устама тўланиши ҳақида хабар берган эдик.
